Жамият | 17:54 / 21.04.2021
59142
7 дақиқада ўқилади

Мактаб олдидаги қурилишга қарши чиққан директорга жиноят иши очилди. Прокуратура айбсизлик презумпциясини бузди

Тошкент вилояти прокуратураси тергов эндигина бошланганига қарамай, Тошкент туманидаги мактаб директори бюджет пулларини ўзлаштирган деб баёнот тарқатди. Гумондор жиноят ишини уюштирилган деб ҳисобламоқда.

16 апрел куни Тошкент вилоят прокуратураси Тошкент туманидаги 26-ўрта мактаб директори 173 миллион сўмни талон-торож қилганликда гумонланаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Прокуратура хабарида мактаб директорининг аёл киши экани, исмининг бош ҳарфлари, шунингдек, депутат экани айтилади. Кейинчалик бу янгилик бошқа оммавий ахборот воситалари, хусусан Kun.uz сайтида ҳам ёритилди.

Шундан сўнг мактаб директори Саида Ҳошимова Kun.uz'га мурожаат қилиб, жиноят иши айрим шахсларнинг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун атайин уюштирилгани ва тергов органи тайинлаган тафтиш нохолис ўтказилгани ҳақида гапириб берди.

«Ҳаммаси мактаб олдидаги қурилишга қаршилик қилганимдан кейин бошланди»

— 20 йилдан бери халқ таълими тизимида фаолият юритиб келаман. Шундан 8 йил турли мактабларда директор вазифасида фаолият юритганман.

Туманда рус мактаблар кўп эмас. Бизнинг мактаб ҳам рус мактаб бўлгани сабабли кўплаб туманлардан ўқувчилар келишади. Мактабда 1500 дан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда.

Мактаб директори Саида Ҳошимова

2020 йил мактаб йўлининг бир қисмида ва мактаб дарвозаси олдида қурилиш бўлишидан хабар топдик. Ерни тадбиркорлар аукцион орқали сотиб олган экан. Шундан сўнг мен Тошкент тумани ҳокимига қурилиш жойини ўзгартириш бўйича бир неча бор мурожаат қилдим.

Тадбиркор қурилиш ишларини бошлаб юборди. Бу қурилишлар ота-оналарнинг ўз фарзандларини мактабга олиб келиб, олиб кетишларида машаққат туғдира бошлади. Шундан сўнг мен бу қурилишга қаршилик қилдим. Ҳаммаси ана шундан кейин бошланди.

«Кетма-кет текшир-текширлар бошланиб кетди»

— Қурилишга қаршилик кўрсатганимдан сўнг аллақаёқлардан менинг устимдан шикоят ёзувчилар пайдо бўлди. Устимдан арз қилиб, прокуратурага ёзишди. Шундан сўнг текшир-текширлар авж олди. Бу текширувлардан эзилиб кетдик. Ўқитувчиларим ҳам дод деди. Чунки ҳафталаб, ойлаб текширишлар дарс сифатига таъсир қилмай қолмасди.

Дастлаб туман прокуратураси текширди. Кейин Тошкент вилояти давлат молиявий тафтиш бошқармаси текширув ўтказди. Aйнан шу бошқарманинг асослантирилмаган хулосасига кўра, туман прокуратураси томонидан менга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

«Ҳали айбимни исботлашмасдан мени жиноятчига чиқариб қўйишди»

— Тафтиш комиссиясининг далолатномасига асосланиб, Тошкент вилоят прокуратураси менга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар тарқатиб юборди. Шундан сўнг ҳамма мени жиноятчи сифатида кўра бошлади. Ҳатто уйга ҳам боролмай қолдим. Отамнинг кўзига қаролмай юрдим. Ўзимни ўлдирмоқчи ҳам бўлдим. «Наҳотки 20 йил шу тизимда ишлаб, энди шу аҳволда кетаманми» деган ўй хаёлимдан ўтди.

Халқ таълими вазирлигига ҳам ёрдам сўраб мурожаат йўлладим. Ёрдам бериш ўрнига яна текширувчиларни юборишди. Нимага қилмаган ишим учун жавоб беришим керак? Мен қурилишга норозиликни ўзимнинг манфаатим учун қилмадим-ку!

Нега вазирлик ўз тизимидаги ходимни ҳимоя қилмай, «бўри»ларнинг ичига ташлаб қўяди?

«8 та эпизод бўйича бўйнимга айб қўйишмоқчи»

— Тафтиш комиссиясининг далолатномасида 8 та эпизод бўйича камчиликлар, хусусан бюджет маблағларини талон-торож қилганлик ҳолатлари ёзилган. Барча эпизодлар бўйича айбсиз эканимни кўрсатувчи асосларим бор. Балки қаердадир хато қилгандирман. Лекин бу жиноят эмас. Давлатнинг бир сўм ҳам пулини емаганман.

Энг катта сумма куни узайтирилган пуллик тўгараклар бўйича чиққан. Яъни қўйилган 173 млн сўм камомаднинг 113 млн сўми тўгараклардан тушган пуллар. Бу пулларни ота-оналарнинг ўзлари рози-ризолик билан беришган.

Бизнинг айбимиз бу пулларга алоҳида ҳисобрақам очиб ишлатмаганимиз бўлди. Лекин мен бир неча бор бу мавзуни кўтардим. Aммо ҳисобрақам очиб беришмади. Шундан сўнг жамоатчилик назорати тузилди. Ҳамма пуллар ҳисоб-китоб билан сарфланди. Нималарга сарфлангани бўйича ҳужжатлар бор.

113 миллион пул болаларни овқатлантиришга, 5 ташаббус доирасида мактабга 3 та тикувчилик машинаси олишга, 3 та телевизор, 3 та ўт ўрадиган машина, ўқитувчиларга иш ҳақи ва мактаб учун яна кўплаб нарсаларга сарфланган.

Мактаб ошхонасига болаларни овқатлантиргани учун жами 21 миллион сўмдан ортиқ пул берилган. 30 миллиондан ортиқ пул ўқитувчиларга қўшимча дарс ўтгани учун иш ҳақи сифатида берилган. Ҳаммаси комиссия аъзолари ва ота-оналарнинг розилиги билан қилинган. Улар тўгараклардан жуда хурсанд бўлишарди. Яна пул тўлаб, болаларини ўқитишга тайёр. Чунки бу болаларда жуда яхши натижа бўлган.

Қолган эпизодлар бўйича ҳам айбсиз эканимга асосларим бор. Мен мактаб пулини ўз чўнтагимга солиб кетмаганман.

Менга нисбатан кўплаб бўҳтонлар қилинди. Машинам, оилам, шахсий ҳаётимгача гап-сўзлар тарқатишди.

«Ҳаммаси адолатли якун топиб, айбдорлар жазоланишини истайман»

— Тергов ҳаракатлари ҳали давом этмоқда. Мен адолат қарор топишини ва қўлимдаги ҳужжатлар инобатга олинишини сўраб қоламан. Шунингдек, ҳали айбим исботланмасдан менинг шаъним, қадр-қимматим ва ишчанлик обрўйимга путур етказганлар қилмишига яраша жазоланишини сўраб қоламан.

Текшир-текширлар, ёлғон хабарлар бизга ҳеч нарса бермайди. Биз шаклга эмас, мазмунга эътибор қаратишимиз лозим. Ўқитувчи ҳимоя қилиниши керак. Кимнингдир хулосаси билан инсон жиноятчи бўлиб қолмаслиги керак. Ўйлайманки, ҳаммаси ижобий ҳал бўлади.

Хулоса ўрнида

Эътиборлиси, Саида Ҳошимова таълим тизимидаги 20 йиллик меҳнат фаолияти давомида бирор марта бўлсин, ҳатто интизомий жазо олмаган. Мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан кўкрак нишони ва «Халқ таълими аълочиси» унвонлари билан тақдирланган.

Мактабнинг биз суҳбатлашган қатор ходимлари ва ўқувчиларнинг ота-оналари директор фаолиятидан шикояти йўқлигини билдиришди.

Айби судда исботланмай, тергов ҳаракатлари энди бошланган бир пайтда гумондор 173 млн сўмни талон-торож қилган деб қатъият билан расмий баёнот бериш эса прокуратура айбсизлик презумпциясига риоя этмаганини кўрсатади.

Охирги пайтлардаги амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мана шундай кичик амал эгаларини «қўлга тушириш»га, уларни жамоатчиликка ашаддий жиноятчидек кўрсатишга ўтиб олганлари бор гап. Давлатнинг миллиардларини ўмарганлар ҳақида эса лом-мим дейилмайди.

Ўзи бошқараётган мактаб ўқувчилари ва ота-оналарига қулайлик бўлиши учун курашиб, оқибатда ўзи оғир вазиятга тушиб қолган аёл атрофида уни қўлловчи бирор идора ёки ташкилот қолмаганидан куюнади.

Айни вақтда Саида Ҳошимовага нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Биз суд ҳукми бўлмай туриб, иш натижаларини тахмин қилишдан тийилган ҳолда воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид