Ўзбекистон | 23:09 / 23.04.2021
6954
3 дақиқада ўқилади

Олий суд раиси Андижонда сайёр қабуллар ўтказмоқда

Андижон вилоятида Олий суд раиси Козимжон Комилов бошчилигида сайёр қабуллар бўлиб ўтмоқда.

22 апрел куни Асака тумани «Янгиобод» МФЙдаги «Машъал» болалар оромгоҳи ҳамда Қўрғонтепа тумани «Жаннатбулоқ» МФЙдаги «Сайлгоҳ» дам олиш масканида Хонобод шаҳри, Асака, Булоқбоши, Марҳамат, Қўрғонтепа, Хўжаобод ва Жалақудуқ туманлари фуқаролари қабул қилинди.

Расмий хабарга кўра, сайёр тарзда умумий қабул қилинганлар сони 385 нафарни ташкил этган.

Шу куни 49 нафар фуқаронинг кассация шикоятлари Олий судда мазмунан кўриш учун қабул қилинди. 14 нафар фуқаронинг апелляция шикоятлари кўриб чиқилиши таъминланди, 60 нафар фуқаронинг даъво аризалари биринчи инстанция судининг иш юритувига олинди.

Шунингдек, 90 нафар фуқаронинг турли мазмундаги аризалари қабул қилиниб, шундан 59 таси жойида ижобий ҳал этилди. 172 нафар фуқарога эса тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Бундан ташқари, қуйидаги масалалар ҳал этилди:

  • 66 нафар судланувчига нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди;
  • 62 нафар фуқаронинг аризаси қаноатлантирилиб, МЖтКнинг 21-моддаси қўлланган ҳолда огоҳлантириш билан чекланилди;
  • 103 та тадбиркорлик субъекти ўз ихтиёри билан моддий зарар ўрнини қоплагани учун уларга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишлар МЖтКнинг 271-моддаси 11-бандига асосан тугатилди;
  • 94 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 33-моддаси қўлланиб енгиллик берилди;
  • 34 нафар фуқарога алимент ундириш ҳақидаги суд буйруқлари чиқарилиб, ижрога қаратилди;
  • 40 та ҳолатда судлар томонидан юридик аҳамиятга эга факт белгиланиши натижасида фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқи тикланди;
  • 19 та ҳолатда ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, натижасига кўра уларни яраштиришга эришилди;
  • 18 та ҳолатда фуқароларнинг талаблари қаноатлантирилиб, уларга берилмасдан келинаётган иш ҳақи ундириб берилди.

157 та ҳолатда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, низолар ҳал этилди.

Андижон вилоятида суд-ҳуқуқ органлари мутасаддиларининг сайёр қабули давом этмоқда.

23 апрел куни Улуғнор ва Избоскан туманларида ҳам қабуллар ташкил этилди, 24 апрелда эса Балиқчи туманида аҳоли мурожаатлари қабул қилинади.

Мавзуга оид