Жаҳон | 03:14 / 23.04.2021
4221
2 дақиқада ўқилади

Pfizer ўз вакцинасининг қалбакилаштирилиши ҳолатлари кўпаяётганини маълум қилди

Фото: Getty Images

Pfizer компанияси BioNTech билан биргаликда коронавирусга қарши ишлаб чиқараётган вакцинасини қалбакилаштириш билан боғлиқ янги ҳолатлар қайд қилинаётганини маълум қилди. Жумладан, фирибгарлар дистилланган сув ва ажинларга қарши воситани вакцина сифатида ўтказишмоқда.

The Wall Street Journal нашрининг хабар беришича, иккита тергов доирасида Мексика ва Польшада қалбаки вакцина партиялари мусодара қилинган. Текширув Мексикада ампулаларга вакцина ўрнига дистилланган сув, Польшада эса ажинларга қарши восита қуйилганини кўрсатган.

Мексика расмийларининг маълумотларига кўра, хусусий клиникалардан бирида қалбаки вакцина 80га яқин кишига киритилган. Ушбу ҳолат юзасидан 6 киши қўлга олинган. Польшада эса ҳаттоки оригинал вакцина ампуласига ўхшамайдиган ампулаларга қуйилган қалбаки вакцина истеъмолчиларга етиб бормаган. У гумонланувчининг уйидаёқ мусодара қилинган.

Pfizer хавфсизлик хизмати бошлиғи Лев Кубяк вакциналар қалбакилаштирилаётганига изоҳ бериб, жиноятчилар вакцина танқислигидан фойдаланаётганини айтган. «Вакцина барчага керак. Кўплаб одамлар уни сабрсизлик билан кутмоқда. Бизда вакцинанинг чекланган захираси мавжуд. Бу захира ишлаб чиқариш ҳажмини оширганимиз сари кўпайиб боради. Унгача эса жиноятчиларда вакцина танқислигидан фойдаланиб қолиш учун «ажойиб» имконият бор», деб айтган Кубяк.

PricewaterhouseCoopers’нинг баҳолашича, қалбаки дори воситалари бозори кўлами тобора ўсиб бормоқда ва у йилига 200 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид