Ўзбекистон | 02:21 / 24.04.2021
55362
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Кампиробод сув омбори яқинидаги ҳудудлар бўйича келишувни ўзгартирмоқчи

Қирғизистонда фуқароларнинг норозилик митингларидан кейин, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев Тошкентга бориб, Кампиробод сув омбори яқинидаги 50 гектар майдон бўйича дастлабки келишувни қайта кўриб чиқишга ваъда берди.

Фото: Kaktus.media

Қирғизистоннинг Қорасув туманида Савай қишлоқ округи аҳолиси Кампиробод сув омбори яқинидаги 50 гектар майдонни ўзбек томонига берилишига қарши митинг ўтказди.

Митинг иштирокчилари расмийларнинг ҳаракатларидан, ер участкалари алмашинуви тўғрисида тушунарли маълумотлар йўқлигидан ва маҳаллий аҳоли фикри инобатга олинмаганидан норозилигини айтмоқда. Уларнинг фикрича, ер алмашиш бўйича келишув Қирғизистон манфаатларига путур етказади.

19 апрел куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиев намойишчилар билан учрашув ўтказган. У дастлаб келишувни мамлакат учун фойдали эканини айтган, аммо норози халқ бунга кўнмаган. Музокаралар якунида Тошиев ўзбек томони билан келишув шартларини ўзгартириш тўғрисида гаплашишини билдирган.

«50 гектардан 20 гектарини Ўзбекистон ўраб олиб бўлди. Мен уларга бутун 50 гектарлик ҳудудни тўлиқ ўраб олмасликни, 50 гектарни эмас, балки 20 гектарни алмаштиришни таклиф қилиб кўраман.

Ўзбекистонга бориб, шу таклифни ўртага ташлайман. Агар бу ердан 20 гектар ер берсак, демак, бошқа жой – Ўзген туманидан 20 гектар ер оламиз. Фақат ҳудудлар алмашинуви бўлади. [...] Тошкентдаги ҳамкасбларимизни кўндиришга ҳаракат қиламиз», деган Тошиев.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон сув омбори хавфсизлигини таъминлаш учун айнан шу ҳудуддаги ерга даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Тошкентга келган, музокаралардан сўнг икки давлат раҳбарлари чегара масалалари бўйича 3 ойда бир тўхтамга келинишини айтганди.

Шундан сўнг 26 мартда Қирғизистон баҳсли ҳудудлар бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Ўзбекистон томони эса бу ҳали «ишчи гуруҳ келишувлари» эканини билдирди.

Ўшанда Қамчибек Тошиев томонлар Кампиробод сув омборидан умумий фойдаланиш юзасидан ҳам келишувга эришганини айтганди.

Дастлабки келишувга асосан, Кампиробод сув омборининг сув захираларини 900 горизонталдан юқори бўлмаган даражада тўлдиришни назарда тутадиган, биргаликда бошқариш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим тузилиши мумкин.

Қирғизистон ўз фуқароларининг ушбу сув омбори сувидан бепул ва тўсиқсиз фойдаланиши, Ўзбекистон сув омбори ҳавзаси атрофида муҳандислик иншоотларини ўрнатмаслик мажбуриятини олишини истаяпти.

Мавзуга оид