Спорт | 03:23 / 25.04.2021
19267
2 дақиқада ўқилади

Легионерлар: Шомуродов ниҳоят гол урди, Машариповда дабл-ассист

Фото: Twitter/GenoaCFC

Ўтган бир кун Ўзбекистон миллий жамоасининг икки асосий юлдузи – Элдор Шомуродов ва Жалолиддин Машарипов учун омадли келди.

Италиянинг «Женоа» клубида ҳаракат қилаётган Шомуродов ниҳоят 9 та ўйиндан иборат голсиз сериясини якунлаб, А Сериядаги 4-голини урди. «Специя»га қарши ўйиннинг 63-дақиқасида Маттиа Дестро ўрнига майдонга тушган Шомуродов 86-дақиқада рақиб ҳимоячисини тезликда ортда қолдириб, чиройли гол урди. Бу ўйинда «Женоа» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шомуродов А Серияда 26-ўйинда майдонга тушиб, 4-голини урди. Футболчи ўйиндан кейин итальян тилида интервью бериб, урган голини ўғлига бағишлашини айтди.

Қизиғи, Шомуродов гол урган ўйинларда «Женоа» илк марта ғалаба қозонди. Бунгача ўзбекистонлик футболчи «Парма», «Сассуоло» ва «Верона»га қарши ўйинларда гол урган ва бу баҳсларда «Женоа» ёки мағлуб бўлган ёки дуранг ўйнаганди. Маълумот учун, Шомуродов Европа топ-5 чемпионатларида гол урган ягона ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади.

25 апрелга ўтар кечаси яна бир ўзбекистонлик футболчи учун омадли келди. БААнинг «Шабоб Ал Аҳли» клубида тўп тепувчи Жалолиддин Машарипов ОЧЛ 4-туридан ўрин олган Ўзбекистоннинг ОКМК жамоасига қарши ўйинда иккита голга ассистентлик қилди ва жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабасига ҳисса қўшди. Шу тариқа янги жамоаси сафида ОЧЛда иккинчи ўйинда майдонга тушган Машарипов иккита голли ҳаракатни амалга оширишга улгурди.

Олдинроқ Машарипов БАА кубогини қўлга киритган ва финалда ҳал қилувчи голни Паненка услубида уриб, учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлганди.

Мавзуга оид