Спорт | 23:55 / 26.04.2021
31549
4 дақиқада ўқилади

Математика ҳам ожиз. «Пахтакор» плей-офф имкониятини расман бой берди

Осиё Чемпионлар лигаси В гуруҳи доирасидаги 5-тур учрашувида «Пахтакор» «Тракторсози» билан дуранг ўйнади ва плей-оффда ўйнамайдиган бўлди. Тўғри, 2-ўринни олган жамоаларда ҳам кейинги босқичга чиқиш имконияти бор, аммо «Пахтакор» бу йўналишда ҳам назарий эҳтимолларни йўққа чиқарди. 

Фото: AFC

Ҳар доимгидек, жамоаларимизга имконият яратиб берадиган ҳисоб-китобларимиз ҳам бу сафар ожиз қолди, афсуски.

Келинг, ҳисоблаб кўрамиз. 

Аввало, «Пахтакор»нинг ўзи сўнгги турда иложи бўлса, йирик ҳисобда (буни эслаб қолинг) ғалаба қозониши ва параллел учрашувда «Шаржа»нинг «Трактор» устидан ғалаба қозониши керак бўлади. Ана шунда «Пахтакор» ва «Трактор»нинг очколари тенг бўлади, ўзаро ўйинлар ҳам тенг (3:3 ва 0:0, ўйинлар марказлашган ҳолда ўтаётгани учун «сафардаги гол қоидаси» бекор қилинган), демак, бу ҳолатда умумий тўплар нисбати асосий фактор ролини ўйнайди. 

Ҳозирда «Пахтакор»да тўплар нисбати – 5-8, «Трактор»да эса 4-3, яъни плюс бир. «Трактор» ютқазса, шу плюс  ҳам йўқолади, яъни, «Пахтакор» имкон қадар йирик ҳисобда ғалаба қозонибгина умид қилиши мумкин. Ёки «Шаржа»нинг «Трактор»ни йирик ютиб беришидан умид қилиши керак. 

Бу тушунарли. «Пахтакор» бир амаллаб гуруҳда 2-ўринни олди ҳам дейлик. Бу етарли эмас, чунки, минтақамиздаги 5 гуруҳдан энг яхши кўрсаткичга эга бўлган фақат 3 жамоа кейинги босқичга чиқади. Яъни, «Пахтакор» плей-офф учун нафақат «Трактор», балки, ғарбий гуруҳдаги нариги 5та 2-ўрин соҳибларидан ҳам иккитасини ортда қолдириши лозим бўлади. 

Гуруҳларни кўриб чиқамиз. 

Е гуруҳида 2-ўринда бораётган «Ал Ваҳда» гуруҳида 10 очко бор, демак, бу гуруҳдан «нон йўқлиги» тушунарли. 

С  гуруҳида «Ал Аҳли Жидда» ва «Истиқлол» (Эрон) жамоалари 5 турдан сўнг, 7 тадан очко тўплашиб, иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб туришибди. Сўнгги турда бу жамоалар ўзаро тўқнаш келадилар, демак, ўша ўйин қандай тугашидан қатъи назар, 2-ўринни олган жамоа камида 8 очко тўплайди. «Пахтакор»да эса максимум 7 очко бўлади холос ва уларни қувиб ўта олмайди. 

D гуруҳида «Ан Наср»да 8 очко ва ҳозирча гуруҳ пешқадами – «Пахтакор»нинг қизил чизиғидан ўтиб олган. 3-ўринда бораётган «Фулад»нинг 2-ўриндаги «Ас Садд» билан ҳозир ўйини бўлмоқда. Ҳозирда «Ас Садд»да 7, эронликларда эса 5 очко бор. Демак, бу ўйин қандай натижа билан тугашидан қатъи назар, ё «Ас Садд» камида бир очко олиб, очколар сонини 7тадан кўпайтиради ёки «Фулад» ғалаба қозониб, очколари сонини 8тага етказади, тамом. 

«Пахтакор» сўнгги турда ўзи учун керакли ҳисобда ғалаба қозониб, гуруҳдаги параллел ўйиндаги ҳисоб ҳам жамоамиз истаганидек якун топган тақдирда ҳам, энг яхши уч 2-ўрин соҳиблари орасига кириш имконсиз. Камида С, В ва Е гуруҳларининг иккинчи жамоаси 7 тадан кўпроқ очко тўплаши аниқ. 

Демак, «Пахтакор»нинг  жорий мавсумда халқаро майдонда фақат битта кераксиз ўйини қолди холос.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид