Иқтисодиёт | 12:15 / 26.04.2021
19535
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида янги темир йўл қурилиши мумкин

Тожикистоннинг Панжикент тумани ва Самарқанд вилоятининг Булунғур/Жомбой участкалари ўртасида янги темир йўл линияси қурилиши мумкин. Шунингдек, Бекобод — Истиқлол темир йўлини электрификация қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.

© Sputnik / Евгений Одиноков

Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Ўзбекистон Транспорт вазирликлари вакилларининг музокаралари ўтказилди.

Музокаралар давомида Панжикент (Тожикистон) ва Булунғур/Жомбой (Ўзбекистон) участкасида янги темир йўл линиясини қуриш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Шунингдек, Бекобод — Истиқлол темир йўлини электрификация қилиш масалалари ва бу участкада транзит юк ташиш ҳажмини кўпайтириш имконияти ҳам кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, йиғилишда томонлар халқаро автомобиль транспорти соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар, Ўзбекистон — Тожикистон — Хитой транспорт йўлагини ривожлантириш ва Ҳаштяк — Бекобод назорат ўтказиш пунктини қайта тиклаш мавзуларига ҳам тўхталиб ўтган.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10-12 июнь кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлиши хабар қилинганди.

Шу мақсадда Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 24 апрель куни Хўжандда Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифига тайёргарлик кўриш ҳамда ўзбек-тожик ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилган.

Мавзуга оид