Ўзбекистон | 08:49 / 27.04.2021
2379
2 дақиқада ўқилади

“Қилаётган ишимдан хижолат бўлмайман” — Ободонлаштириш бошқармаси ишчиси билан суҳбат

Фото: KUN.UZ

Кўча-кўйда деярли ҳар куни Ободонлаштириш бошқармаси ишчиларига кўзимиз тушади. Улар иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, атроф ободонлашишига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Соҳа ходимларининг парвариши остида гуллар шаҳар кўркига кўрк қўшиб туради. Умида Мамасиддиқова бир неча йилдан буён Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида фаолият юритиб келади.

«Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармасида 6-7 йилдан буён  гулчи бўлиб ишлайман. Очиқ ҳавода чиройли гуллар экиб, уларни парваришлаб юрамиз. Қилаётган ишим билан юртимиз чиройига кўрк қўшиб келаётганимдан хурсандман.

Ишимиз ортидан бола-чақа боқяпмиз. Худога шукур, тўйлар қилдик, қиз чиқардик, келин олдим, невара кўрдим.

Ишимдан сираям нолимайман. Эрталаб 8 да ишимиз бошланади. Соат 16 гача гулларни парвариш қилиб юрамиз. Ишдан кейин ҳам уйга бориб хонадон юмушларида келинларимга ёрдамлашаман.

1 млн 300 минг сўмдан ортиқ ойлик маош оламан. Бундан ташқари, мукофот пуллари берилади. Баракасини берсин, ойлик маош етяпти. Худога шукур, бўш қолмаймиз. Бошлиқларимиз ҳар доим иш топиб беради. Иш бор экан, қимирлаб турибмизки, қора қозонимиз қайнайверади. Касбингизни севсангиз, ишнинг қийинчилиги бўлмайди.

Қилаётган ишимдан асло хижолат бўлмайман. Қуда-андаларим ҳам қилаётган ишимни кўриб-билиб туриб қиз беришди. Қизимни олишди, меҳнатнинг айби йўқ», — дейди биз билан суҳбатда Умида опа. 

Сарвар Зияев

Мавзуга оид