Тўхтовсиз ошаётган харажатлар ва ташқи қарз. Давлат бюджети йирик қурилишларга тайёрми?
2021 йилда қурилиш соҳасига бюджетдан ажратилаётган маблағлар аввалги йилларга нисбатан кескин ортиб кетди. Биргина уй-жой қурилишига ўтган йилларга нисбатан 2 баравар кўп маблағ йўналтирилмоқда. Шунинг баробарида бюджет кирим-чиқимлари ўртасидаги манфий фарқ катталашяпти.
Ўзбекистонда бу йилги қурилиш кўлами ўтган йилларга нисбатан анча кенг бўлиши кутилмоқда. Ўз навбатида, соҳага ажратиладиган бюджет маблағлари ҳам сезиларли ошаётгани бир қанча рақамларда намоён бўлади.
Уй-жой қурилишига бюджет сарфи ортмоқда
Охирги 3 йилда уй-жой қуриш дастурига давлат бюджетидан 15 триллион сўм маблағ ажратилган. Бу – йилига ўртача 5 триллион сўмдан тўғри келади, дегани.
2021 йилга келиб эса мазкур кўрсаткич ўтган йиллардагига нисбатан 2 баробар ўсмоқда, яъни шу йилнинг ўзида қарийб 11 триллион сўм бюджет маблағи (ташқи қарз) ипотека кредитлари асосида харид қилинадиган уй-жой қуриш учун йўналтирилмоқда.
Умуман олганда, ҳозирги даврга келиб республика бюджетидан қурилишга ажратилаётган маблағлар сезиларли ортаётгани кўзга ташланмоқда.
Бу, бир томондан, урбанизация жараёни жонланаётгани, аҳолининг уй-жой ва қурилишга бўлган талаби ўсиб бораётганини ифодаласа, иккинчи томондан, бюджет тақчиллиги ортишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки янги ва катта миқдордаги харажатларнинг юзага келиши қўшимча маблағ талаб этади.
Хусусан, 2021 йил уй-жой қурилишига ажратиладиган 1 миллиард доллар атрофидаги маблағнинг асосий қисми давлат ташқи қарзи ҳисобига тўғри келиши ҳам буни ойдинлаштиради.
Прогнозларга кўра, жорий йилги бюджет дефицити қарийб 37,5 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бунда қурилиш соҳасининг ҳам маълум улуши бор, албатта.
ЯИМда қурилиш улуши 7 фоиздан ошган
Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда 2021 йил давомида республика бўйича объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун 15 триллион 512 миллиард 398 миллион сўм ажратилиши белгиланган.
2020 йилда эса бу кўрсаткич 14 триллион 544 миллиард 817 миллион сўмни ташкил этган.
Бунда харажатлар миқдори салкам 1 триллион сўмга ортаётгани кузатилмоқда.
Статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2020 йил якунлари бўйича қурилиш тармоғининг ЯИМдаги улуши 7 фоизни ташкил этди. Бу қарийб 40 триллион сўмга тўғри келади.
2021 йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистонда жами 10,6 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 100,4 фоизни ташкил этди.
Бунда, давлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан жами 517,4 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Уларнинг республикадаги улуши 4,8 фоизга тенг.
Коронаинқирознинг қурилишга таъсири ва аҳолининг қондирилмаган эҳтиёжи
Масаланинг яна бир жиҳати, коронаинқироз барча соҳалар қатори қурилишга ҳам сезиларли таъсир ўтказгани билан боғлиқ. Пандемия сабаб кўплаб объектлар қурилиши тўхтатилди, аксарияти секинлашди. Натижада уй-жой ва умуман турли объектлар қурилишига бўлган талаб ортиб борди.
Ўтган йилларда уй-жой ҳамда қурилиш объектларига нисбатан қондирилмаган эҳтиёжлар юки 2021 йил чекига тушмоқда.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов талабнинг ўсиш сабаблари борасида фикр билдириб, шундай деганди:
«Ҳозир уй-жойга талаб юқорилигига сабаблардан бири менталитетимиз билан боғлиқ. Серфарзандмиз, болалар тез улғайишади ва уларни уй-жой билан таъминлашни ўйлаймиз. Бундай ўйлаб қарасак, чет давлатларда ҳамманинг ҳам ўзининг шахсий уйи йўқ. Улар кўпроқ ижарада яшашади. Ижара тизими ҳам уларда яхши ривожланган. Бизда ижара тушунчаси сал бошқачароқ. Ҳамма «ўз уй-жойим бўлсин» дейди».
Молиячи Отабек Бакиров ҳам бу борада фикр билдириб, уй-жойга бўлган талабнинг ортишида урбанизация асосий омиллигини айтган.
«Нима сабабдан бирданига кейинги йилларда уй-жойга бўлган талаб ошиб кетди, деган савол қўйилмоқда. Бу биринчи навбатда туғилиш даражасининг ошаётгани билан эмас, бу урбанизация даражасининг ошаётгани билан боғлиқ. Чунки аввалги даврда одамларнинг туғилиб ўсган жойида қолишига, иш жойларини ҳам асосан туғилиб ўсган жойларида яратишига эътибор қаратилган бўлса, кейинги пайтда урбанизациянинг нисбий самарадорлиги тушуниб етилмоқда. Биз ҳозир урбанизация билан боғлиқ йиғилиб бораётган талабнинг қондирилишига дуч келяпмиз, десак тўғри бўлади», деган у.
Мутахассис фикрича, тизимдаги асосий муаммолардан бири – иқтисодий рағбатлантириш масаласининг оқсашида. Хусусан, уй-жой қурилиши учун «узун ресурслар» («узун пуллар») бўлмаган. Чунки давлат авваллари бу секторга катта маблағ ажратмаган. Тижорат банклари эса хориждан бу масалага ресурс жалб қилишдек рискка бормаган. Шу сабабли, йирик ресурсларнинг йўқлиги биринчи муаммо бўлса, иккинчи масала аҳолининг турмуш даражаси юқори бўлмагани билан боғлиқ.
Маълумотларга кўра, сўнгги 3-4 йилда Ўзбекистонда йилига 30-35 мингта квартира қурилди, аммо аҳоли талабини қондириш учун йилига 145 мингта хонадон қуриш зарур.
Бу жараён хусусий секторни ривожлантириш баробарида, давлат ҳам йирик миқдордаги харажатларни амалга оширишини тақозо этмоқда.
Бюджет харажатларига талабалар ётоқхоналари ҳам қўшилмоқда
Яқинда президент бошчилигида ўтказилган мажлисда бюджет харажатларига яна бир қурилиш объекти – талабалар учун қуриладиган ётоқхоналар қўшилгани маълум бўлди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқуловнинг билдиришича, 2021-2025 йилларда талабаларга жами 92 500 ўринга эга ётоқхоналар қурилади ва бунинг учун 4,4 триллион сўм маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 майдан бошлаб республикадаги 130 мингдан зиёд талабага ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.
2021 йилги бюджет прогнозлари қандай?
Пандемия ҳамон давом этмоқда. Бу давр иқтисодий кўрсаткичлар аниқлигини камайтиради. Албатта, Ўзбекистон иқтисодий барқарорлиги бевосита дунё иқтисодиётига боғлиқ.
Инқироз даврида республика бюджет сарфининг ўсиб бораётгани, даромадлар харажатлардан қарийб 5,4 фоиз кам бўлиши кутилаётгани фонида ташқи қарз жалб қилишга асосий урғу қаратилмоқда.
Молия вазири Тимур Ишметов 2021 йил учун 5 миллиард доллар миқдорида ташқи қарзи жалб қилиш белгиланганини маълум қилган. 2020 йилда олинган давлат ташқи қарзлари 5,3 миллиард долларни ташкил этган.
Айни пайтда, Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 40 фоизидан ошган.
Исломбек Умаралиев
Мавзуга оид
16:17 / 23.12.2024
Давлат харидлари тизимини такомиллаштириш стратегияси ишлаб чиқилди
10:11 / 18.12.2024
Уй-жой қурилишида янги тизим жорий этилиши мумкин
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
16:56 / 07.12.2024