Ўзбекистон | 15:40 / 28.04.2021
10353
4 дақиқада ўқилади

ДХХ ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйди

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи ака-ука ўзганинг пул маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирмоқчи бўлишди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати. 

Қайд этилишича, бунинг учун улар отасининг яшаш хонадони ёнидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 28 сотих ер уларга вақтинча фойдаланишга қолдирилганидан фойдаланиб, ушбу ер майдонини ҳамда унинг ёнидаги туман ҳокимлиги ихтиёрида бўлган 14 сотих ерни, жами 42 сотих ер майдонини 35 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлишди. 

Улар сўралган пулдан аванс сифатида 10 минг АҚШ доллари олган вақтларида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро ўзи вақтинчалик фойдаланиб келган маҳаллий тадбиркор номидаги балиқчилик хўжалигига мўлжалланган 1,75 гектар ер майдонини унинг эгасини хабардор қилмасдан, бошқа бир фуқарога 47 млн сўмга сотишни режалаштирган.

ДХХ Навоий вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар шахс сўралган пулдан 35 млн сўмни олган вақтида ушланди.

ДХХ Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, унга Андижон тумани ҳокимлигидаги мансабдор танишлари орқали чорвачилик билан шуғулланиши учун адирлик ерлардан ажратиб берилишини айтиб, эвазига 15 млн сўм олган вақтида ушланди. 

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у мазкур пул маблағини Андижон тумани ҳокимлигида ишловчи танишига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам 15 млн сўмни олган вақтида ушланди. 

Таъкидлаш лозимки, ҳокимлик вакили бўлган мазкур шахс муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят содир этгани учун жорий йилнинг январ ойида жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман суди томонидан унга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
 
ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши туманида яшовчи фуқаро деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 2008 йил туман ҳокими қарори билан унинг онаси номига ажратиб берилган 33 сотих ер майдонини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлмаса-да, 40 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қашқадарёда кузатилган яна бир ҳолатда эса Нишон тумани “Ер ресурслари ва давлат кадастри” мутахассиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога балиқчилик хўжалиги ташкил қилиши учун 8 гектар ер ажратилишида ва бу борада туман ҳокимининг тегишли қарори чиқарилишида ёрдам беришини айтиб, хизмати эвазига ундан 1000 АҚШ доллари талаб қилади. Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида кадастр ходими 900 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид