Жаҳон | 22:01 / 28.04.2021
8126
2 дақиқада ўқилади

Samsung’нинг марҳум раҳбари оиласи 10 миллиард доллардан кўпроқ мерос солиғи тўлайди

Жанубий Кореяда Samsung компаниялари гуруҳининг марҳум раҳбари Ли Гон Хининг меросхўрлари давлатга мерос учун солиқ сифатида 12 трлн вондан кўпроқ (10,7 млрд доллар) маблағ тўлайдилар. Таъкидланишича, бу мамлакат тарихида бундай турдаги энг йирик тўлов ҳисобланади.

Ли Гон Хининг меросхўрлари, шунингдек, 1 трлн вонни (900 млн доллар) ва 2 трлн вонга (1,8 млрд доллар) баҳоланувчи 23 минг санъат асарини вирусли инфекцияларга қарши курашга ва кам учровчи болалар касалликлари соҳасидаги тадқиқотлар учун хайрия қилишларини айтишган.

Шу билан бирга, улар меросга олинган Samsung акцияларини қандай бўлишишини маълум қилмаган.

Ли Гон Хининг меросхўрлари унинг рафиқаси Хон Ха Ри, ўғли Ли Чжэ Ен ва икки қизи – Ли Бу Чжин ва Ли Со Хён ҳисобланади.

Марҳумнинг оиласи солиқни қисмлаб тўламоқчилигини билдирган: умумий қийматдан олтидан бир қисми апрел охиригача, қолган қисми эса кейинги 5 йил давомида тўланади.

Ли Гон Хи 2020 йил октябрда 78 ёшида Сеулда вафот этганди. Жанубий Кореянинг энг бой одами ҳисобланган Ли Гон Хи ўзидан кейин 25 трлн вондан кўпроқ (22,5 млрд доллар) қийматдаги активлар ва кўчмас мулк қолдирган.

Мавзуга оид