Жамият | 19:16 / 28.04.2021
61744
3 дақиқада ўқилади

Тошкент метросида яна фавқулодда ҳолат юзага келди

«Новза» метро бекати яқинида поезд ҳаракати тўхтаб қолди, бекатларда йўловчилар тўпланди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент метрополитенининг «Новза» бекати яқинида поезд вагони техник носозлик оқибатида тўхтаб қолди. Ижтимоий тармоқларда метро йўловчилари туннел бўйлаб пиёда кетаётгани акс этган видео ва фотолар тарқалмоқда.

«Жуда бир ажойиб ҳолат метронинг ичидан юриш. 1400 сўмга шунча ҳолатни кўрсангиз бўлади», дейди видеолардан бирининг муаллифи бўлган йўловчи.

Метродаги носозлик туфайли шаҳар жамоат транспортида юқори даражадаги тирбандликлар юзага келди. «Чилонзор» йўлида ҳаракат тўхтаб қолгани туфайли бекатларда тўпланиб қолган йўловчилар ташқарига чиқишга мажбур бўлишган.

Интернетда «Пахтакор» бекати атрофидаги ҳудудлар ер остидан чиққан ва манзилига етиб олишга ҳаракат қилаётган одамлар билан тўлиб кетгани акс этган видеолар пайдо бўлди.

«Ўзбекистон темир йўллари» соат 18:42га келиб метро туннелида поезд тўхтаб қолиши ҳолати бўйича изоҳ берди.

«Бугун соат 17:50ларда Тошкент метрополитенининг «Чилонзор» йўналишидаги «Миллий боғ» ва «Новза» станциялари оралиғида техник сабабларга кўра битта ҳаракат таркиби тўхтатилди. Барча йўловчилар хавфсиз эвакуация қилинди. Метронинг ушбу йўналишида ҳаракат давом этмоқда.

«Тошкент метрополитени» унитар корхонасининг раҳбарияти йўловчилардан узр сўрайди ва вазиятни аниқлаб олиш учун ишчи гуруҳ тезкор ташкил этилганини маълум қилади», дейилади изоҳда.

Сўнгги вақтларда Тошкент метросида бу каби ҳолатлар одатга айланди.

18 март куни метронинг ер усти Сергели йўналиши бошланиш жойида икки поезд тўқнашиб кетганди. Ўшанда тўхтаб қолган таркибга ортдан келган бошқа бир таркиб келиб урилганди.

8 апрель куни Тошкент метросининг Сергели ерусти йўлида ҳам поезд тўхтаб қолган, йўловчилар рельслар бўйлаб пиёда ҳаракатланишга мажбур бўлганди. Кейинчалик метро расмийлари шундай воқеа бўлиши метро йўли қурилаётган вақтдаёқ кутилгани, бироқ бу муаммо кутилганидан аввал юз берганини маълум қилганди.

Шунингдек, 10 апрелда Чилонзор йўналишида поезд «Пушкин» бекатидан «Буюк ипак йўли» бекатигача эшикни ёпмай ҳаракатлангани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид