Ўзбекистон | 14:08 / 29.04.2021
7852
3 дақиқада ўқилади

«Олмалиқ КМК» мис ишлаб чиқариш бўйича МДҲда учинчи ўринда экани маълум бўлди

Бугун, 29 апрел куни Миллий матбуот марказида «Олмалиқ КМК» АЖ ахборот хизмати томонидан «ОКМКнинг экспорт салоҳияти» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспорти борасида амалга оширилаётган ишлар, комбинат экспорт салоҳияти тўғрисида маълумот берилди.

«Олмалиқ КМК» АЖ Металлургия хомашёси билан таъминлаш ва сотиш бошқармаси бошлиғи Азиз Зокиров комбинатнинг асосий экспорт маҳсулоти мис катоди ва унинг ҳажми, жаҳон бозорига экспорти ҳақида маълумотларни очиқлади. Унинг сўзларига кўра, комбинат йилига 148 минг тонна мис ишлаб чиқармоқда, бу МДҲ давлатлари орасида 3-ўринни қайд этади. Шунингдек, «Ёшлик» кони ишга тушиши билан юқоридаги рақамни яқин йилларда 250 минг тоннага етказиш режа қилинган.

«Ҳозирги пайтда «Олмалиқ КМК» АЖда 18 турдаги юқори ликвидли маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда ва дунёнинг 20дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Комбинатнинг асосий маҳсулоти мис ҳисобланади. Мис катодлари ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 148 минг тоннани ташкил қилади, бу билан корхона МДҲ доирасида қатъий 3-ўринни эгаллаб келмоқда. Бу кўрсаткич бўйича Россия 973 минг тонна, Қозоғистон эса 500 минг тонна мис ишлаб чиқаради.

Статистикага қаралса, 2005 йилга қадар мис нархи 1500-3000 долларгача бўлиб келди. 2005 йил 3-чорагидан бошлаб эса жаҳон иқтисодиёти, асосан Хитойнинг ўсиши билан боғлиқ котировкалар жадал ўсишини кузатиш мумкин.

Комбинат маҳсулотлари экспортининг асосий қисми Туркия ҳиссасига тўғри келади, яъни 2020 йилда 501,3 млн долларни ташкил қилган. Шунингдек, экспорт Россия, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон, Украина, Польша, Тожикистон, Индонезия, Нидерландия, Хитой, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларни қамраб олган.

Жорий йил 1-чорагида 230,9 млн долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилди, бу режадагидан 62,5 фоизга бажарилган дегани. Жумладан, мис – 22 497 тонна (179,8 млн доллар), рух – 13 981 тонна (37,1 млн. доллар), қўрғошин – 5,4 млн долларлик ва бошқа маҳсулотлар – 8,6 млн долларга экспорт қилинган.

Бундан ташқари, комбинат томонидан нодир ва қимматбаҳо металлар ҳам экспорт қилинмоқда. Жумладан, молибден, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладий кукуни импортёрларга етказиб берилмоқда.

Қулай конъюнктура туфайли экспорт бўйича кўрсаткичлар биринчи чоракда 231 млн доллар ёки 162,5 фоизга бажарилган. Қўшилган қийматли маҳсулот экспорти (мис қувурлар, мис катанкаси) 35,5 млн долларни ташкил қилди ёки 4,4 баравар ортди.

Ишлаб чиқаришни ошириш борасида йиллик қазиб олиш ҳажми тахминан 60 млн тонна бўлган янги «Ёшлик» конини ўзлаштириш борасида иш олиб борилмоқда. 2025-2026 йиллар мобайнида мис ишлаб чиқариш ҳажми йилига 148 минг тоннадан 250 минг тоннагача ошиши кутилмоқда.

Комбинат 2021 йил учун 734,5 миллион долларлик экспорт прогнозини белгилаган, шундан мис – 85 минг тонна (481,3 млн доллар), рух – 55 минг тонна (137,5 млн доллар), қўрғошин – 107,9 минг тонна (27,0 млн. доллар) ва 88,7 млн доллар бошқа маҳсулотларни ташкил этади», деди комбинат вакили Азиз Зокиров.

Мавзуга оид