Жамият | 15:59 / 30.04.2021
9809
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги 1xbet ноқонуний реклама баннерлари олиб ташланди. Ҳуқуқбузарларга нисбатан суриштирув ўтказилмоқда

Бугун, 30 апрел куни Kun.uz сайтида «Қимор қачондан очиқчасига реклама қилинадиган бўлиб қолди?» номли мақола эълон қилиниб, унда вилоятда букмейкерлик идоралари очиқча фаолият юритаётгани, кўчада рекламалари жойлаштирилгани таъкидланганди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ушбу мақолага тезкор муносабат билдириб, агентлик томонидан шаҳар ва туманлар ҳудудларида доимий олиб борилаётган кузатувлар давомида қонун ҳужжатларига зид равишда жойлаштирилаётган ташқи рекламалар, шу жумладан 1XBET букмейкерлик компанияси қимор ўйинлари рекламалари бартараф этилаётганини билдирди.

Хусусан, 1XBET букмейкерлик компанияси қимор ўйинлари рекламаси қонун ҳужжатларига зид равишда жойлаштирилганлиги бўйича Агентлик томонидан 26 та ҳолат аниқланган ва барча қонунбузарликлар жойида бартараф этилган.

Қўшимча қилинишича, мақолада айтилган Хўжаобод тумани марказидаги буюм бозори ва деҳқон бозори ўртасидаги жойда 1XBET букмейкерлик шохобчасида қимор ўйинлари рекламаси мавжудлиги аниқланган ва ноқонуний реклама бартараф этилган.

Айтиш лозимки, ноқонуний рекламаларга чек қўйилгани – бу қилиниши лозим бўлган ишнинг бир қисми. Қолган қисми эса қонунбузарларга тегишли чоралар кўришдан иборатдир.

Айни вақтда ушбу ўйин хоналарини ташкил этган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан ички ишлар органлари суриштирув олиб бормоқда.

Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати мақолада келтирилган ҳолат бўйича муносабат билдириб, ҳолат вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилаётганини, ўрганиш юзасидан қўшимча ахборот берилишини маълум қилди.

Мавзуга оид