“Сен ўзбекистонликмассан...” – россиялик влогер Қарши шаҳри яқинидаги чиқинди полигонини ёлғиз тозаламоқчи бўлди
Россиялик таниқли видеоблогер Константин Ткачёв турли мамлакатларга саёҳат қилиб, маҳаллий муаммоларни ёритади. Унинг объективи Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Влогернинг бир неча кун олдин эълон қилган влоги ҳам Ўзбекистон ҳақида.
У Қарши шаҳри ташқарисида чиқинди полигони борлиги ва ҳеч ким бу ҳақида гапирмаслиги, маҳаллий аҳолига етказаётган зарари ҳақида фикр билдирди. Уни энг ҳайратга солган жиҳат маҳаллий аҳолининг ушбу муаммога эътиборсизлигидир.
“Самарқанд ва Бухоро шаҳри ўртасида Қарши шаҳри жойлашган. Шаҳар ташқарисида, яъни Самарқанд-Қарши айланма автотрассаси (А-378)да эса чиқинди полигони. Оддий чиқинди полигони-да, дейишга шошилманг. Кучли шамол бўлганда, ушбу ҳудуддан маиший чиқинди, жумладан, целлофан пакетлари бутун чўл бўйлаб учиб кетади. Бу ҳолат замонавий рассомнинг қўрқинчли картинасини эслатади.
Чўлнинг ўртасида, ҳар томонимда целлофан пакетларни кўриб, даҳшатга тушдим. Маҳаллий аҳоли бу жой ҳақида умуман билмайди. Билганлар эса бу маълумотни айтишни хоҳламайди. Балки қўрқишар, балки бу оддий чиқинди полигони ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, деб кўникишгандир.
Қарши шаҳридан 5 км узоқликда ҳақиқий уруш бошланган, табиат зарарланяпти. У ерга борганимда, шунчаки муаммога кўз юмиб кетиш керак, деб ўйламадим. Ҳудуддаги барча целлофан пакетларни йиғиштиришни мақсад қилдим. Майдон нақадар кенглигини кўриб, ўз кучимга ортиқча ишониб юборганимни англадим.
Маълумот учун: целлофан пакет қачондир бўлсаям, дунё океанига етиб боради, чунки шамол уни учириб олиб боради. Целлофан ултьрабинафша нурдан таъсирланади, пластикка қараганда тезроқ парчаланади ва ичимлик сувига ҳам қўшилади ва яна ўзимизга қайтиб келади. Шундай қилиб, кун бўйи 4 та катта целлофан қопга майда целлофан пакетларни йиғдим.
Ўзим тозалаган майдонни харитадан кўриб, бир ва ундан ортиқ киши бутун майдонни тозалаши учун қанча вақт кетишини ҳисобладим. 1 киши 110 кунда, 10 киши 11 кунда, 50 киши 2 кунда тозалаб бўлар экан. Чўлдаги чиқиндиларнинг умумий ҳажми 35 куб метр бўлиб, Италиядаги Пиза минораси ҳажми (38 м3)га деярли яқинлашиб қоларкан. Эрталаб келиб қарасам, тозалаган жойим яна аввалги ҳолатига қайтибди, чунки шамол чиқинди полигонидан яна бошқа целлофанларни учирган. Бир киши ҳаммасини қилиши имконсиз, албатта. Шу ҳолатдан кейин танишларим билан боғландим: баъзилари ёрдам берамиз, деган бўлса, айримлари нима ишинг бор, сен ўзбекистонликмассан, дейишди. Хуллас, ҳеч кимни йиғолмадим.
Тошкентга қайтиб кетдим. Ойбек (тур компания раҳбари) ва Шомил (инглиз тили ўқитувчиси) исмли йигитларни учратмаганимда, ушбу влогимни чиқармаган бўлардим. Ойбек чиқинди полигони ҳақида билиши ва муаммо уни ҳам ўйлантираётганини айтди. Биз ҳаммамиз йиғилиб, яна бошқа танишларни ёрдамга чақирдик. 14 киши бўлиб кун давомида анча катта майдонни тозаладик. Аммо бу денгиздан томчи экан, холос. Целлофан шунчалик катта майдонга тарқалганки, буни тасаввур қилиш қийин. Биз умумий майдоннинг чорак қисмини тозалай олдик”, дея куйиниб гапиради влогер.
Шомил исмли йигит нима учун бу ишга бош қўшганини гапириб берди.
“Ушбу ҳаракат ҳақида эшитгач, ёрдам беришга рози бўлдим. Чунки бу менинг ватаним ва унинг бундай ҳолатига эътиборсизлик билан қарашни истамайман. Биз одамлардан бу ишга бош қўшишларини сўрадик. Аммо кўпчилик қизиқиш билдирмади. Ўзбекистонга келган меҳмонлар мамлакат қанчалик тозалигига эътибор беришади. Ўйлайманки, ташаббусимиз маҳаллий аҳолини ўз юртини тоза сақлашига ундайди. Ўша жойни тозалаб бўлганимизда, енгиллик ҳис қилдим. Нафақат чўл тоза бўлди, балки қалб ва онгимиз ҳам покланганини сездим ”, деди Шомил.
Влогернинг айтишича, чўлнинг тозаланган ҳудудида тезда ҳаёт аломатлари сезилган. Тошбақа, эчкиэмар ва яна бошқа чўл ҳайвонлари ин қура бошлаган. У бу ишидан фахрланганини ҳам таъкидлади.
“Барча чиқиндиларни тозалаш имкони бўлмадими, деган савол беришингиз мумкин. Биз гуруҳимиз билан имкон даражасида майдонни тозаладик. Аслини олганда, бундай вазият ҳамма жойда бор ва нормал қабул қилинади. Лекин бефарқ бўлиш нормал ҳолат эмас. Ушбу влогда маҳаллий аҳоли ёки ҳукуматни айблаш ниятим йўқ. Шунчаки, инсон сифатида бу муаммога бефарқ бўлмасликни сўраган бўлардим”, дея влогини якунлайди Ткачёв.
Мавзуга оид
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
10:18 / 21.07.2024
Қаршидаги корхонада йирик ёнғин содир бўлди
12:06 / 05.07.2024
Қаршида BYD Spark билан тўқнашди. BYD вилоят ҳокимлигига тегишли бўлган
21:58 / 21.05.2024