Ўзбекистон | 10:08 / 01.05.2021
12841
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда 10 гектар ерни қарийб 2 млн долларга сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди

Улар айтилган пулнинг 50 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ИИВ ходимлари томонидан ушланган.

Жорий йилнинг 19 апрел куни фуқаро С.Х. ва Х.С. Ички ишлар вазирлигига ариза билан мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ.

Қайд этилишича, фуқаролар ўз аризасида «Муҳаммаджон» исмли шахс Бўстонлиқ тумани Навобод маҳалласи ҳудудида жойлашган, «Al-Inobat» МЧЖга тегишли, оромгоҳ ва балиқчилик кўли ташкил қилиш учун туман ҳокимининг 2017 йил 25 октябрдаги 620-сон қарорига кўра инвестиция киритиш шарти билан ажратилган 10 гектар ер майдонини 1 млн 900 минг АҚШ долларига ҳокимлик орқали ҳужжатлаштириб бериш шарти билан сотмоқчи эканини, ҳозирда эса айтилган пулнинг 50 минг АҚШ доллари беришини талаб қилаётганини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, 2021 йил 23 апрел куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, П.П., Н.М., С.В., Т.А., Ш.К. ҳамда Д.А. Тошкент шаҳар Чилонзор тумани, 4-мавзе, 65-уй олдидаги автотураргоҳда ариза муаллифлари С.Х. ва Х.С.дан 50 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК департаменти Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан олдин, ДХХ ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйганди.

Мавзуга оид