Жамият | 13:27 / 01.05.2021
2312
2 дақиқада ўқилади

Навоийда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган газ баллонларни талон-торож қилганларга жиноий иш қўзғатилди

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Навоий вилояти Хатирчи туманида аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 110 дона газ баллонларини талон-торож қилган мутасадди шахсларга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хатирчи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали омбор мудири Ҳ.М. филиал ҳайдовчиси Х. билан олдиндан тил бириктириб, ўз жавобгарлигида бўлган ва аҳолига тарқатилиши лозим бўлган газ баллонларни сотиб юборгани аниқланган.

Қайд этилишича, бу иккала шахс 32,6 миллион сўмлик 110 дона газ баллонларини аҳоли эҳтиёжлари учун тарқатмасдан, қонунга хилоф равишда нотаниш фуқароларга сотиб юбориб, талон-торож қилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Ҳ.М. ва Х.ларга нисбатан жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид