Жаҳон | 09:19 / 01.05.2021
96882
8 дақиқада ўқилади

Тўрт сценарий. АҚШ Афғонистонни тарк этса нималар бўлиши мумкин?

АҚШ президенти Жо Байденнинг администрацияси Афғонистон ҳудудидаги ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни 1 майда бошлаб, 11 сентябрда якунламоқчи.

Фото: Getty Images

Америка Қўшма Штатлари ва «Толибон» вакиллари томонидан 2020 йил 29 февралда тузилган шартномага кўра, АҚШ ҳамда НАТО иттифоқчилари 14 ой ичида ўз қўшинларини Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиши назарда тутилган эди. Бу жараён сайловларда Жо Байденнинг ғалабасидан кейин савол остида қолганига қарамасдан, АҚШнинг янги президенти 2021 йил 11 сентябргача барча қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилишини маълум қилди.

Халқаро терроризм маркази сифатида эътироф этиладиган, гиёҳванд моддалар етиштиришда юқори ўринларда борувчи ва 30 йилдан ошиқ вақт давомида фуқаролар уруши гирдобида бўлган Афғонистон халқаро аксилтеррор кучлар чиқиб кетишидан сўнг минтақадаги сиёсатга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Биринчи сценарий: «оптимистик тараққиёт»

Шуниси аниқки, Қўшма Штатлар ҳарбий контингентининг эвакуация қилиниши мамлакатни сиёсий вакуум ҳолатида қолдириб кетади. Агар расмий ҳукумат ва «Толибон» вакиллари ўзаро келишувга эриша олса ҳамда халқаро шартномада келишилган бандларга амал қилишса, Афғонистон тинчлиги ва тараққиёти учун хизмат қиладиган кенг кўламли ислоҳотларни бошлаш имконияти яратилади. Бунинг учун, авваламбор, расмий Кобул ва «Толибон» вакиллари давлат тузилиш шакли, бошқарув тизими ва халқаро ҳамкорлари борасида ягона келишувга эришиши талаб этилади.

Ваҳоланки, ушбу масалада бир-бирига қарама-қарши бўлган саволлар бисёр: Афғонистон федерацияга айлантириладими ёки республикалигича қоладими? Давлат бошқарув шакли «Толибон» талаб қилаётгандек диний йўналишда қуриладими ёки дунёвий бошқарув амалиёти қўлланадими? Агар дунёвий давлат бўладиган бўлса, «Толибон» «янги ҳаёт тарзи»га қанчалик толерантлик кўрсата олади? Асосий халқаро ҳамкор сифатида «Толибон» хоҳлаётган Покистон танланадами ёки расмий ҳукумат алоқаларини ривожлантириб бораётган Ҳиндистонми? Ҳолбуки, Ҳиндистон ва Покистон геосиёсий нуқтайи назардан стратегик рақиб давлатлар ҳисобланишади.

Иккинчи сценарий: «Вьетнам синдроми»

Қўшма Штатлар томонидан қолдириладиган сиёсий вакуум минтақадаги ўзининг йирик дастурларини илгари сураётган Хитой томонидан тўлдирилиши мумкин. Айнан Афғонистон ҳудудига кирувчи Ваҳан коридори тарихан Буюк ипак йўлининг тоғлар орасидан кесиб ўтувчи дараси бўлган. Пекиннинг ушбу йўл орқали савдо-сотиқ ва инфратузилмани қайта тиклаш борасидаги амбициялари Хитой ҳукуматининг Афғонистон борасидаги сиёсатини фаоллаштириши мумкин. Шунингдек, дунёда етакчи давлатга айланишга уринаётган Хитой шу орқали шарқий чегараларида ўзига хос «буфер зона» ҳам яратиб олади. Лекин айнан нега Қўшма Штатлар стратегик рақобатчисига Афғонистон бўйлаб ҳаракатланиши учун «яшил йўлак» очиб берди?

Жавоби эса, тарихчилар яхши билганидек, афғон халқларини индустриал дунёнининг ҳеч бир «буюк давлати» таслим эта олмаганидадир. Буюк Британия уч марта (1839-1842 йиллар, 1878-1880 йиллар, 1919 йил) Афғонистонда мағлубиятга учраган бўлса, собиқ иттифоқ ўзининг 10 йиллик (1979-1989 йиллар) ҳарбий ҳаракатлари давомида сезиларли натижага эриша олмаган. Аксинча, афғон уруши Собиқ Иттифоқ учун 15 000га яқин ҳарбий хизматчининг ҳаёти йўқотилиши ва иқтисодиёти сезиларли заифлашуви билан якунланди. Айрим таҳлилчиларнинг фикрича, айнан Афғонистондаги уруш собиқ иттифоқнинг таназзулига сабаб бўлган.

Америка Қўшма Штатлари, бир қутбли дунё тартиботининг ягона «superpower» давлати 2001 йилдан бери 20 йил давомида 1 триллион доллардан ошиқ бўлган маблағ сарфлади. Ҳолбуки, Афғонистондаги урушда кўрилган зарар ҳамда Ироқ урушидаги молиявий йўқотишларни қўшиб ҳисоблаганда, Қўшма Штатларниг энг оғриқли муаммосига айланган ички инфрастуктурани қайта тиклаш ишларини қоплаши мумкин эди.

Агар Хитой оптимистик таҳлилларга таянган ҳолда, АҚШ тақдим этаётган имкониятдан фойдаланса, иқтисодиёти узоқ муддатли харажатларга сабаб бўлувчи тузоққа тушиш эҳтимоли мавжуд. Ваҳоланки, бу каби тажрибаларни АҚШ Вьетнамда (шунинг учун «Вьетнам синдроми» дейилади) ва советлар давлати Афғонистонда бошдан кечирган.

Учинчи сценарий: «Россия-Толибон қарама-қаршилиги»

Вьетнам урушидаги истиқболсизликни сезган Вашингтон 1969-1972 йиллар давомида Америка контингентини қисқартириши, якунда социалистик Вьетнам қўшинларининг жанубга шиддатли ҳужуми ва Жанубий Вьетнам давлатининг қулаши билан якунланган эди. Шаклан иккинчи сценарий каби «Вьетнам синдроми»га боғлиқ бўлса-да, шартлари қисман ўзгаради. Расмий ҳукумат ва «Толибон» ягона келишувга эриша олмайди, Хитой ҳам Афғонистонда тезкор ғалаба қозониш мумкинлиги ҳақидаги бошқа «буюк давлатлар» қилган ва якунда хато бўлиб чиққан оптимистик қарашларни амалда қўллашдан бош тортади, сиёсий-тарихий таҳлиллардан келиб чиқиб Афғонистон ишларига аралашмайди ҳамда сиёсий бўшлиқ сақланиб қолади.

Қўшма Штатлар радикал жангарилар ва шимол ўртасида ўзига хос деворни олиб ташлайди, яъни қўшинларини олиб чиқиб кетиши оқибатида «Толибон»нинг худди Вьетнам социалистларининг АҚШ қўшинлари кетганидан сўнг жадаллашган ҳарбий ҳаракатлари каби фаоллашуви, 1990-йилларда Шимолий Кавказда бўлгани каби Россиянинг жануби ва Кавказ ҳудудларига таъсир этиш эҳтимоли ошади. Натижада эса, Москванинг хавфсизлик сиёсатида Туркия, Покистон, Эрон ва Марказий Осиё республикалари билан халқаро муносабатларни ривожлантириш муҳим ўрин тута бошлайди.

Тўртинчи сценарий: «Янги Судет тактикаси»

1938 йил Германиянинг Мюнхен шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ғарбнинг «буюк давлат»лари агрессия хавфи кучайиб бораётган Германиянинг ҳарбий истилоларини шарққа буриб юбориш мақсадида Чехиянинг Судет ҳудуди немисларга берилишига рози бўлишади. Бу уриниш гарчи Иккинчи жаҳон урушини тўхтатиб қола олмаган бўлса-да, Ғарб давлатларининг бу каби сиёсий ўйинлари шарқий фронтни асосий фронтга айлантирганди. Натижада, советлар давлати урушни энг кўп қурбонлар билан якунлади.

Бу сценарийни учинчи сценарийнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин. Афғонистондаги вазият беқарорлашуви ва бундай хавф Марказий Осиё, Кавказ ва Россиянинг жанубий ҳудудларига тарқалиш эҳтимоли Кремлни жанубий чегараларга катта эътибор қаратишга мажбур этиб туради. Якунда эса Вашингтон сўнгги ойларда рус ҳарбийлари босими остида қолаётган Украина, Болтиқбўйи ҳамда Шарқий Европанинг НАТОга аъзо давлатларини Москванинг асосий сиёсий амбицияларидан озод қилишга муваффақ бўлади. Шу йўл билан АҚШ Европадаги яқин иттифоқчиларини сиёсий рақобатчиси Россия тазйиқидан қутқариб олиши мумкин бўлади. 

Хулоса қиладиган бўлсак, юқоридаги тўрт сценарий ҳозирда мавжуд маълумотлардан келиб чиқиб қилинган таҳлилдан иборат, холос. «Қора оққуш эффекти» каби ҳодисалар рўй бермаслигини инкор эта олмаймиз, яъни давлатларнинг қарор қабул қилувчи гуруҳлари кутилмаганда биз ўйламаган юришларни амалга оширишлари мумкин. Бироқ шуни унутмаслигимиз керакки, сценарийларнинг содир бўлиш эҳтимоли АҚШ ўз сўзларини бажарган ҳолда Афғонистон контингентини ёпгандагина пайдо бўлади.

Шаҳбоз Жўраев ва Достон Аҳроров, Халқаро муносабатлар бўйича мустақил тадқиқотчилар

Мавзуга оид