Жамият | 17:11 / 02.05.2021
106315
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қайноға келинини калтаклаётгани акс этган видео тарқалди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи аёлни эркак киши уриб, тепкилаб, жисмоний куч ишлатгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Маълум бўлишича, эркак уй-жой талашиб укасининг хотинини калтаклаган.

Kun.uz суриштирувида аёлни Денов туманида яшовчи «Қақнус» хусусий тиббиёт маскани эгаси, врач Гулмурод Хандалов ургани маълум бўлди. У аёлни яшаб турган уйини бўшатиб қўймагани учун тепкилаб, дўппослаган.

Жабрланувчи ва унинг онасининг сўзларига кўра, Гулмурод Хандалов аёлни икки йилдан бери муттасил калтаклаб келган. Жабрланувчи бу ҳақда бир неча марта маҳалла участка нозирига, туман ИИБга ва маҳалла раисига мурожаат қилганига қарамасдан, улар «далилинг йўқ», деб аёлнинг аризасини қабул қилишмаган. Ҳатто участка инспектори бир неча марта аёлнинг аризасини кўз ўнгида йиртиб ташлаган.

Шундан сўнг, жабрланувчининг онаси жорий йил 21 апрел куни Гулмурод Хандаловнинг зўравонлигини исботлаш учун қарийб бир кун давомида қизининг уйидаги ҳожатхонага яшириниб, зўравон келиб қизи ва унинг болаларини тепкилаб ураётганини видеога туширишга муваффақ бўлган.

Видеода эркак «уйни бўшат», деб аёлни тепкилагани, муштлаб ургани тасвирланган. Шунингдек, у болаларни ҳам урганда, уларнинг бақирган овозлари ёзилган.

Аниқланишича, жабрланувчи аёл Гулмурод Хандаловнинг яқин қариндоши билан расмий никоҳдан ўтган. Улар бирга яшашмайди. Ҳозирги кунда баҳсли уйга Гулмурод Хандалов эгалик қилади. Хандалов кўп ёрдам бергани учун укаси уйини ўзига берганини айтади. Аёл эса бу уйга болалари ва ўзи ҳақли эканини айтиб, уйдан чиқмаган. Шу сабабли, Хандалов кунора келиб, аёлни ва болаларини муттасил тарзда калтаклаб кетган.

Бундан ташқари, Гулмурод Хандалов жабрланувчи ва унинг онасини фоҳишаликда айблаган. Аммо, маҳалла аҳли ва қўни-қўшнилар Kun.uz'га аёлнинг хулқи бузуқ эмаслигини айтишмоқда.

Мавзуга оид