Иқтисодиёт | 20:57 / 06.05.2021
4506
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбари – Бизга билдирилган эътирозлардан тўғри хулоса чиқардик

2021 йил 8 апрель куни тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида президент йўл қўйилган камчиликлар учун Навоий вилояти масъулларидан айримларини ишдан олган, вилоят ҳокими ва прокурорига ҳайфсан, вилоят ИИБ бошлиғи ҳамда давлат солиқ бошқармаси раҳбарига уч ой синов муддати берганди

Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Анваржон Ботиралиев бугун ўтказилган матбуот анжуманида билдирилган ушбу эътирозлардан тўғри хулоса чиқарганлигини маълум қилди.

Матбуот анжуманида Ботиралиев журналистларга 2021 йилнинг 1-чорагида давлат бюджетига йўналтирилган солиқларнинг белгиланган прогноз режаларининг бажарилиши хусусида батафсил маълумот берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1-чораги учун белгиланган ҳудудий солиқ тўловчилар бўйича 271,9 миллиард сўм бюджет даромади прогнози 297,4 миллиард сўмга бажарилган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 68 миллиард сўмга ошган. Маҳаллий бюджет даромадлари бўйича 349,4 миллиард сўмлик прогноз эса 430,5 миллиард сўмга уддаланган ҳамда маҳаллий бюджет ихтиёрида 81,1 миллиард сўм маблағ қолган.

«Жорий йил якуни билан ҳудудий солиқ тўловчилар бўйича бюджет даромадлари прогнози 1 триллион 263,3 миллиард сўмга бажарилиши, яъни 101 миллиард сўм кўп тушум тушиши кутилмоқда. Шу ўринда бир маълумот, бугунги кунда вилоятда 5 762 та якка тартибдаги тадбиркор фаолият кўрсатди. Улар томонидан 2020 йилда 385 миллиард сўм товар (иш ва хизматлар) ҳажми амалга оширилиб, бюджетга 23,3 миллиард сўм тўлов амалга оширилган», — дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.  

Қайд этилишича, 2020 йилда вилоятдаги корхоналарда норасмий банд бўлган 34 694 та иш ўрни легаллаштирилган ва уларга 3,9 миллиард сўмлик солиқлар ҳисобланган. Шу йилнинг I-чорагида эса 4 211 та хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатувчи субъектларда ишчи-ходимлар легаллаштирилиб, улар томонидан 1,2 миллиард сўмлик солиқлар тўланиши таъминланган.

Матбуот анжуманида бошқарма масъуллари журналистларнинг вилоятда ушбу тизимда мавжуд бўлган муаммо ва камчиликлар, хусусан қишлоқ жойларида терминал ҳамда назорат-касса аппаратлари ишламаслиги, ҳафтада бир ташкил этиладиган кўчма бозорлардаги ҳолатлар бўйича саволларига жавоб қайтаришди.

Мавзуга оид