Ўзбекистон | 16:56 / 06.05.2021
144633
5 дақиқада ўқилади

Қамоқдаги Рашид Қодиров тикув цехида, Ихтиёр Абдуллаев эса чинни цехида ишлаётгани маълум бўлди

Органда ишлаб қамалган маҳбуслар учун мўлжалланган қамоқхонада мониторинг ўтказилди.

Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев

Омбудсман бошчилигидаги мониторинг гуруҳи навбатдаги текширувни 6 май куни 22-сонли жазони ижро этиш муассасасида ўтказди.

Бу муассаса – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимлари учун мўлжалланган. Хусусан, Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурорлари – Рашиджон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев ҳам шу ерда сақланмоқда.

Собиқ бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов ва Улуғбек Хуррамов, шунингдек, собиқ МХХ катта зобити Жавдат Шарифхўжаев ҳам шу ерда жазо муддатини ўтаяпти.

 Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)
 Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)
Фото: Facebook / Abdurakhmon Tashanov

Ўтган сафарги мониторингдан фарқли равишда, бу гал ЖИЭМга борган комиссия таркибига ОАВ вакиллари киритилмади. Kun.uz мониторингда қатнашган инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановдан қамоқхонада собиқ бош прокурорлар билан суҳбатлашгани ҳақида сўзлаб беришини сўради.

«Аввал мамлакатимизга уч муддат бош прокурорлик қилган Рашиджон Қодиров билан суҳбатлашдик. У кишидан шароитлар, маҳкумларга муомала ҳақида сўрадим. Ҳар ҳолда ҳушёр одам – яқин бир ойда манзил колонияга чиқишини, шикоятлари йўқлигини, БМТ структураларига қийноқлар бўйича шикоят қилмаганини, соғлиғи яхшилигини айтди. «Юрак бўйича аввалроқ сангородда даволангандик, ҳозир ҳаммаси яхши», – деди Қодиров.

Кўрдикки, собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради», – дейди у.

Ҳуқуқ фаоли Ихтиёр Абдуллаевни чинни цехида идишга нақш солаётган жараёнда учратганини айтди.

«Собиқ бош прокурорга унинг отаси ва ўғли бир қанча ОАВ орқали жамоатчилик ва президентга мурожаат қилгани, унга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ва ҳозирда уни яқинлари билан кўриштиришмаётгани, изоляцияда сақланаётгани ҳақида баёнотлар беришаётганини айтдим.

У киши «ҳаммаси яхши бўлади, бу гаплар президентимизга етиб борса, адолат қиладилар»дан нарига ўтмади.

Таъкидлаш керакки, икки собиқ бош прокурор ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомалада бўлди. Тўғрироғи, комиссияларнинг нималиги, қаергача бора олишини ўтмишдаги фаолияти орқали яхши биладиган бу мулозимлар вазиятни мураккаблаштириб ўтиришмади. Ҳар ҳолда менга шундай туюлди», – дея ҳикоя қилади Абдураҳмон Ташанов.

Фото: Facebook / Abdurakhmon Tashanov
 Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)

Унинг қайд этишича, ЖИЭМнинг тиббий бўлимига кириб, Ихтиёр Абдуллаевнинг тиббий картаси билан танишган. Ҳужжатга кўра, Абдуллаев ЖКнинг 242- ва 301-моддалари билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Яқин орада икки марта ўтказилган ковид тести манфий чиққан. Бўйин умуртқа поғона қисмидаги оғриқдан шикоят қилган.

Кўзининг кўриш даражаси биринчи кўзда +1 ва иккинчи соҳада +2,58. Тиббиёт қисми окулистининг айтишича, Абдуллаев 2017 йилда Германияда кўз гавҳарларини алмаштириш билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти ўтказган. Яъни кўз хасталиги тергов ёки зонада орттирилмаган, дея қайд этди «Эзгулик» жамияти раиси.

«Цехлардан чиқаётиб, собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев билан кўришдим. У гапни қисқа қилиб, ҳеч қандай шикояти йўқлигини таъкидлаган ҳолда қочиб қолди...

Яна бир маълумот. Ижтимоий тармоқларга яхши таниш бўлган МХХ полковниги Нодир Тўрақулов яқин-яқингача шу ерда экан – Жаслиққа (умрбод)га ўтказишибди. Ҳамтовоғи Шуҳрат Ғуломовнинг олдига кетибди», – дейди ҳуқуқ фаоли.

1700 нафар маҳкумни сақлашга мўлжалланган мазкур колонияда ҳозирги кунда 273 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда.

«Умуман, колониядаги манзара мени қониқтирди. Масалан, сиёсий аҳамиятга молик бўлгани учун бош прокурорларга алоҳида мулозамат ёки кузатув йўқ. Алоҳида ош-овқат ҳам ажратилмаган. Кўпчилик нима бўлса, шу.

Колониянинг каттагина қисми таъмирда экан. Ошхонадаги ош-овқатлар ёмонмас. Кутубхона, спорт заллари ва зерикиб қолмаслик ва пул топиш учун ташкил қилинган цехлар шулар жумласига киради.

Ғалатироқ таассуротлар билан қайтдим. Бир пайтлар у билан суҳбатлашиш, сўроққа тутиш тугул олдига бора олмаганимиз бу одамлар бугун маҳзун, аввалги салобатдан асар ҳам йўқ...» – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Унинг маълум қилишича, колониянинг бошқа турдошларидан шароит нуқтайи назаридан деярли фарқи йўқ. Қамоқхоналарга белгиланган стандартлар асосида тиббиёт, ўқув, овқатланиш ва ишлаб чиқариш бўлимлари ташкил қилинган. Спорт машғулотлари учун алоҳида шароитлар бор.

Хуллас, қамоқхона шароити, умумий аҳвол, маҳкумларга муносабат масаласида муаммолар кўпам кўзга ташланмайди, дея хулоса қилди инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси.

Мавзуга оид