Жамият | 19:00 / 10.05.2021
6420
5 дақиқада ўқилади

Huawei компанияси ва ТИҚХММИ ҳамкорлигида “Ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳаси амалга оширилмоқда

Ўзбекистондаги Huawei компанияси ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги тизимлари соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш ҳақида ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Корпоратив ижтимоий масъулиятни бажариш ва қишлоқ хўжалиги ҳамда сув хўжалиги тизимларини бошқариш соҳасида инновацион рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистонда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Huawei компанияси ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти (ТИҚХММИ) ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Меморандум доирасида Huawei компанияси ва ТИҚХММИ 5G технологиялари, жиҳозлар интернети, ақлли узаткичлар ва катта хажмдаги маълумотларни интеллектуал платформа асосида бошқариш, мониторинг қилиш ва қайта ишлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда ақлли қишлоқ хўжалиги лойиҳасини ишга туширмоқда.

“Ақлли қишлоқ хўжалиги” лойиҳасини татбиқ қилиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш даражасини ошириш, ҳосилнинг ҳолатини назорат қилиш ва бошқаришни соддалаштириш, об-ҳаво ҳароратини, тупроқнинг намлигини, суғориш тизимларининг ҳолатини таҳлил қилиш ҳисобига ташқи муҳитнинг ҳосилга таъсир қилиш эҳтимоли даражалари ҳақида огоҳлантириш, шунингдек реал вақт тартибида «ақлли» майдондан видео-маълумот олиш имконини беради. Лойиҳа ТИҚХММИ мутахассислари ва профессорлари таркиби томонидан Huawei компаниясининг эксперт ва техник кўмаги билан ҳамда Сув ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари кўмаги билан, “Ўзбектелеком” AК “ЎзМобайл” филиали мобил оператори тармоқларида ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Тадбирда ТИҚХММИ ректори Ўктам Умурзоқов бу каби лойиҳалар ката ўзгаришлар учун кичик бир дебоча эканини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалигини рақамлаштириш ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигига урғу берилди. “Мазкур ёндашув бошқа қишлоқ ва сув хўжалиги корхоналарида катта мақсадларга эришиш учун рақамли технологияларни жорий этишга яққол намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунингдек ёш авлод тарбиясида, юқори малакали муҳандис ва мутахассисларни етказиб беришда институтимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг бир кўринишидир. Ўйлайманки Huawei компаниясининг инновацион ёндашуви Ўзбекистонда ишлаётган бошқа компанияларга ўрнак бўла олади”, – дея фикр билдирди жаноб Умурзоқов.

“Бизнинг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорлигимиз кўп йиллик тарихга эга ва шу йиллар давомида биз кўп жиҳатдан ўзаро бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз. Жорий йилнинг бошидан биз ҳамкорликда институт Маълумотлар марказини ишга туширдик, шунингдек ўқитувчилар учун амалий машғулотларни ўтказдик ва уларнинг рақамли кўникмаларини оширдик. Меморандумни имзолаш маросими бизнинг ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқади ва бизга бешинчи авлод тармоқлари ва инновацион технологиялардан фойдаланиш ҳисобига қишлоқ ва сув хўжалиги сектори учун очиладиган истиқболларни намойиш этиш имконини беради. Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – Ўзбекистондаги деҳқонларнинг кўп меҳнат талаб қиладиган ишларини соддалаштириш ва шу билан бирга уларнинг самарадорлигини ошириш, ҳамда атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш, мамлакатнинг табиий бойликларидан оқилона фойдаланиш даражасини ошириш”, – дея таъкидлади Ўзбекистондаги Huawei компаниясининг директори Лю Цзясин.

Huawei Uzbekistan компанияси 20 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритиб келмоқда ва турли иқтисодий соҳаларда рақамли технологияларни жорий этиш орқали аҳолининг ижтимоий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиш ва фойда келтиришга ҳаракат қилмоқда. 2020 йилда компания бир қатор ижтимоий лойиҳаларни ва таълим лойиҳаларини, жумладан, Тошкент шаҳридаги иккита мактабни рақамлаштириш учун ускуналар билан таъминлаш ишларини, ИТ-университетлари талабалари учун “Seeds for the Future” ўқув лойиҳасини, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистоннинг АКТ шарҳловчиси” танловини, шунингдек, “Эзгу Амал” жамоатчилик фонди билан ҳамкорлик ишларини амалга оширди ва УНДП Узбекистан билан биргаликда Орол денгизи тубини кўкаламзорлаштириш бўйича ташаббусда иштирок этди.

Huawei Uzbekistan компанияси Матбуот хизмати

Мавзуга оид