Ўзбекистон | 17:33 / 10.05.2021
31764
3 дақиқада ўқилади

Жамоат хавфсизлиги университети қабул жараёнлари ва мутахассисликлар тўғрисида маълумот берилди

Фото: KUN.UZ

АОКАда Миллий гвардия ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда университет фаолияти ҳамда соҳага малакали кадрлар тайёрлаш тизими муҳокама этилди.

«Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталигига бўлган ҳар қандай таҳдидларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш тизимини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қуролли Кучларнинг кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети этиб қайта ташкил қилиниб, малакали кадрларни мақсадли тайёрлашни амалга оширувчи базавий олий ҳарбий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгиланди.

Университетда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия учун — жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасининг тегишинча жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва паспорт тизими талабларини амалга ошириш йўналишларида, Қуролли Кучлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун олий маълумотли кадрлар тайёрланади.

Хусусан,

  • ҳарбий дипломатия;
  • юриспруденция ва иқтисодиёт;
  • муҳандислик-техник;
  • тарбиявий-психологик;
  • қўмондонлик-тактик;

ҳамда ўз қўриқлаш тузилмаларига эга бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари учун —

  • қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш

йўналишларида малакали кадрлар тайёрланади.

Университетда профессионал кадрларни тайёрлаш жараёнига бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими жорий этилади. Университетнинг асосий вазифаси —малакали мутахассисларни тегишли ихтисослик ва ҳуқуқшунослик йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиш ҳамда уларни жанговар ва жисмоний тайёргарликдан ўтказиш орқали мақсадли тайёрлаш.

Жамоат хавфсизлиги университетига қабул қачон бўлади ва кимлар ҳужжат топшира олади?

Университетда қабул жараёнлари 1 февралдан бошланиб, 1 апрелгача давом этган.

Университетга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар ҳудудий мудофаа ишлари бўлимларига ариза беришлари мумкин. Шундан сўнг ариза бўйича ўрганиш олиб борилади, суҳбатлар ташкил этилади ва номзодлар билан дастлабки танлов тадбирлари ўтказилади.

Номзодни тиббий кўрикдан ўтказиш — туман мудофаа ишлари бўлимларидаги тиббий комиссия томонидан ўтказилади. Тиббий кўрикда яроқли деб топилган номзодлар кейинги босқичда индивидуал-психологик ва умумжисмоний синовларга қўйилади.

Шундан сўнг якуний тиббий кўриклар ташкил этилади. Ана шу кўрикдан ўтган номзодлар тест синовларига қўйилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтганлар университетга қабул қилинади.

Мавзуга оид