Ўзбекистон | 07:55 / 11.05.2021
5330
3 дақиқада ўқилади

Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартиришлар киритилди

Фото: Максим Шеметов/ТАСС

Ички ишлар вазири буйруғи билан Ўзбекистон ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжат 2020 йил 15 октябрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун, президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда 2019 йил 21 майдаги «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Биринчидан, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида (ВСҲ) сақланаётган шахснинг овқат ейишни рад этгани факти аниқланганда ВСҲ бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс зудлик билан бу ҳақда жиноят ишини юритаётган мансабдор шахс ёки органни, шунингдек прокурорни хабардор қилиши шарт (илгари хабардор қилиш вазифаси навбатчи зиммасига юкланган).

Иккинчидан, ариза, таклиф ва шикоятларни ваколатли давлат органларига юбориш вақти белгиланди (илгари – олинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай юборилган). Суд, прокурор, ҳимоячи ёки ВСҲларни текшириш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари номига, шунингдек жиноят ишини юритаётган мансабдор шахсга ёки органга йўлланган ариза, таклиф ва шикоятлар цензурадан ўтказилмайди ҳамда берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай муҳрланган тарзда олувчиларга юборилади ёки топширилади. Телеграммалар дарҳол юборилади. Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) ва президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг номига юборилган шикоятлар муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда олувчига 24 соатдан кечиктирмай юборилади. Омбудсман ва Вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда аризачига дарҳол етказиб берилади.

Учинчидан, тақиқланган буюмлар ва озиқ-овқатлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, ушбу рўйхатга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар киритилди.

Бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.

Мавзуга оид