Ўзбекистон | 08:04 / 12.05.2021
4952
2 дақиқада ўқилади

Маъмурий қамоққа олинганлар билан учрашиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати янгиланди

Ички ишлар вазири буйруғи билан Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг ички тартиб қоидаларига ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжат президентнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ қабул қилинган.

Биринчидан, маъмурий судларнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши муносабати билан қоидаларнинг 12-бандига (маъмурий қамоққа олинган шахсни махсус қабулхонага жойлаштириш учун асос бўладиган ҳужжатлар рўйхатига) ўзгартиришлар киритилди.

Иккинчидан, маъмурий қамоққа олинган шахслар билан учрашиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати янгиланди. Энди улар билан қуйидаги шахслар учрашишлари мумкин (илгари – рўйхатга яқин қариндошлар ёки ҳимоячи сифатида чиқадиган қонуний вакиллар киритилган):

  • адвокати;
  • қонуний вакили;
  • қариндоши ёки бошқа шахс.

Учинчидан, махсус қабулхоналарда сақланиши ва фойдаланилиши тақиқланган буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, ушбу рўйхатга инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли ҳамда жиноят қуроли сифатида қўлланилиши мумкин бўлган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи, учи ўткирланган санчиладиган касбий ва хўжалик-маиший ашёлар (пичоқ, бигиз, устара (электр устара бундан мустасно), қайчи ва бошқалар) киритилган.

Бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилган.

Мавзуга оид