Ўзбекистон | 19:31 / 16.05.2021
130794
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 6 эркак оилали аёлни зўрлагани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Андижон вилояти Андижон туманида 6 нафар эркак дала шийпонида беш ой аввал турмушга чиққан аёлнинг номусига теккани ҳақида хабарлар тарқалди. Kun.uz мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси билан боғланди.

Видеодан кадр

Андижон вилоят ИИБнинг маълум қилишича, 3 май куни фуқаро О.О 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, шу куни соат 14:00 ларда Андижон тумани Қорақалпоқ маҳалласида жойлашган дала шийпонида фуқаролар С.А. ва О.М. ўзига нисбатан зўрлик ишлатиб жинсий алоқада бўлганини маълум қилган. Тергов-тезкор гуруҳи воқеа жойига чиқиб, ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ва видеотасвирга олинган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатларининг тўлалигини таъминлаш мақсадида О.О.га тегишли бўлган қизил-қора рангли аёллар кўйлаги ва бошқа кийимлар далилий ашё тариқасида ҳолислар иштирокида олинган. Мазкур ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси, судга оид боилогик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертиза тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Kun.uz'нинг прокуратурадаги манбасига кўра, мазкур жиноятни содир этишда қуйидаги шахслар гумонланмоқда:

  • М.О. 1990 йил Андижон туманида туғилган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор, ҳайдовчи;
  • С.А. 1992 йил Андижон туманида туғилган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор, мавсумий ишчи;
  • М.А. 1984 йил Андижон туманида туғилган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор, ҳайдовчи;
  • Ж.М. 1979 йил Андижон шаҳрида туғилган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор, ҳайдовчи;
  • Ж.Х. 1985 йил Андижон шаҳрида туғилган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор, ҳайдовчи;
  • А.Б. 1990 йил Андижон шаҳрида туғилган. Оилали, 2 нафар фарзанди бор, ҳайдовчи.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 28 фоизга ошган.

2021 йилнинг дастлабки уч ойи ичида ҳуқуқ-тартибот идораларига зўравонликка учраган аёллар томонидан 11 мингдан ортиқ мурожаат бўлган.

Мавзуга оид