Ёғ қимматлашдан тўхтаган бир пайтда, энди бензин нархи ошди — ҳафтанинг «пулли хабарлари»
Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг иқтисодий янгиликларини эслатиб ўтади.
Бензин нархи кўтарилди
Аи-80 маркали автомобил бензини нархи икки ҳафта ичида ўртача 4,3 фоизга кўтарилди. Бу тоифа бензиннинг бир литри 5800 сўмдан сотила бошланди.
Нарх ошиши жаҳон бозорида пандемиядан кейин ялпи талаб тикланаётгани, бунинг ортидан нефт нархи ошиши билан изоҳланади.
Пахта ёғи арзонлади
Биржада кластерлар пахта чигитининг бошланғич нархларини тушириши натижасида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайди.
Хусусан, ўтган ҳафта пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача – 5,3 фоизга, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса мос тарзда – 11,3 фоизга арзонлади.
Ҳафта бошида 9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархи пасайгани, аммо Тошкентда нарх ўсишда давом этгани маълум қилинди. Аксилмонопол қўмита 34 та кластерни ўзаро келишган ҳолда биржада чигит нархини сунъий оширганликда гумонлаб, иш очган.
Уй-жойга бўлган талаб 2,5 фоизга ошди, аммо уйлар қимматлаши кутилмаяпти
2021 йил апрел ойида Ўзбекистонда кўчмас мулкка бўлган талаб март ойига нисбатан 2,5 фоизга ошди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, уй-жой нархлари ошиши кутилмаяпти. Чунки ҳукумат томонидан уй-жойлар квадрат метрининг нархи 4 млн сўмдан ошмаслигини таъминлаш вазифаси қўйилган. Хусусан, бунга арзон қурилиш материаллари билан таъминлашни йўлга қўйиш орқали эришиш режалаштирилган.
Шубҳали корхоналар сони 96тага кўпайди
ДСҚ солиқ текширувларининг тўртинчи босқичида яна 96та корхонани «шубҳали» деб топди. Унди уларнинг сони 667тага етди.
Шунингдек, 7та корхона «шубҳали»лар қаторидан чиқарилди. Қўмита шубҳали корхоналардан иборат янгиланган рўйхатни эълон қилди.
139та турар жой массиви бўйича тендерлар тез орада якунланади
Президент Шавкат Мирзиёев 12 май кунги селекторда икки ҳафта муддатда 139та турар жой массиви бўйича тендерларни якунлаб, қурилиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берди.
Президент биринчи чоракда 6та вилоятда объектлар қурилиш рейтинги бўйича мос келмайдиган қурувчи ташкилотларига берилганини танқид қилиб, ҳокимларнинг қурилишдаги иштирокида коррупция борлигини айтди.
1 августгача 550та давлат активини сотиш топшириғи берилди
Биринчи ярим йилликда 1,5 триллион сўмлик 550та давлат активларини сотиш таъминланиши керак, деди президент селекторда.
Чорвоқ ҳудудидаги давлат мулки аукционда бошланғич нархидан 2 баробар қимматга сотилди.
Бундан ташқари, Uzbekistan Helicopters 4 та Airbus вертолётини сотиб олаётгани ва монополистлар рўйхати янгилангани ҳам эътиборга молик.
Куни кеча Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўш турган объектларга янгича солиқ солишни таклиф этди.
Дарвоқе, ўз ҳудудингиздаги нарх-наволар билан танишиш учун қуйидаги ҳаволаларга ўтишингиз мумкин.
Мавзуга оид
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:35 / 16.12.2024
Биржага чиқарилаётган бензин ҳажми тўрт баробар оширилди
09:35 / 10.12.2024
Биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилади
11:20 / 22.11.2024