Давронбек Турдиев – жисмоний тарбия ўқитувчисидан Россия рекордчисига айланган йигит билан суҳбат
29 ёшли Давронбек Турдиев Наманган вилояти, Поп туманида таваллуд топган. 49-мактабда таҳсил олган. 2015 йилда Наманган давлат университетини битирган. Ҳозирда Ўзбекистон мнемоспорт федерацияси президенти, «Гениус» ўқув маркази ҳамда «Супермия» мияни ривожлантириш бўйича тренинг асосчиси.
Давронбек Турдиев суҳбат давомида миянинг биз билмаган, ақлбовар қилмас имкониятлари, қандай қилиб кучли хотира эгаси бўлиш мумкинлиги ҳамда ёшлар учун кимлар намуна бўла олишлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Мнемоника бўйича жаҳон чемпионатига боришга хоҳиш қачон бошланган?
Интернетда ўтирганимда, бир инсонни кўриб қолдим. У инсоннинг исми – Бен Предмер. Ёши катта инсон бўлишига қарамай, рақамларни, карталарни тезликда эслаб қолмоқда. Ҳа, демак, бу бўйича бор экан жаҳон чемпионати дедим ва фикр уйғонди. Боришга ҳаракатларни бошладим. Тез эслаб қолиш бўйича тизимлар тузишга ҳаракат қилдим. Мнемоника бўйича ҳеч ким Ўзбекистондан чемпионатга бормаган деб ўйлаган эдим. Лекин андижонлик бир бола борган экан, у билан боғландим. Тошкентга келиб, улардан чемпионатга қандай қилиб бориш бўйича маслаҳатлар олдим. Қарасам, транспорт учун 1500 доллар маблағ керак. Уйдагилардан сўрай олмадим, чунки уларнинг ўзлари бунга қаршилик билдириб, ундан кўра уйланишим, бошқа иш топишим кераклигини айтишар эди. Чемпионатга борганимда пул ютмаслигимни билар эдим. Тайёрланиш жараёнида ҳокимиятга боришим учун ёрдам сўраб мурожаат қилганман, қолганини қарз кўтариб тўпладим.
Билет ҳам сотиб олдим Хитойга. Бормоқчи бўлиб турганимда визам чиқмади. Фақатгина гуруҳ бўлиб кетадиганлар учун берилаётган эди. Футболчи Одил Аҳмедов билан ҳам телефонлашиб, виза масаласи бўйича ёрдам сўраган эдим. Унинг қариндоши мен ўқитувчилик қилган мактабда ўқир эди. Бироқ у ҳам бу пайтда иложсиз эканлигини айтди. Охири ҳокимиятга бориб, Ташқи ишлар вазирлигига виза бўйича хат қилиб беришларини сўраб мурожаат қилдим. 1 ой чиқадиган виза учун 1 ҳафтагина вақтим қолган эди. Ташқи ишлар вазирлиги 3 кунда виза олишимга ёрдам беришди. Хитой элчихонасидан визамни қўлимга олдим-у, фақат йиғламадим, холос.
Россиянинг «Ғаройиб инсонлар» кўрсатувида қай тарзда ғолиб бўлгансиз?
Бир куни эслаб қолиш бўйича чемпионатга бориб келган бир йигит билан суҳбатлашдим. У мени Россиянинг «Ғаройиб инсонлар» («Удивительные люди») кўрсатувида чиқишга ҳаракат қилиб кўришимни айтди. Нима қилиш кераклигини сўраганимда, уч юзта товар штрих кодини эслаб қолиш керак экан. Ичимда қила олмасам керак деб ўйладим. Лекин боришни истадим. Мен ўша пайти ўзимга нисбатан яхши муносабатни сездим, алоҳида машина билан кутиб олишиб, яхши муомала қилишди. Съёмка куни биринчи бўлиб мен чиқишимни айтишди ва товар штрих кодларини ёдлаб кўрсатув сўнгида айтиб беришимни айтишди. Саҳнага чиқдим, шоу бошланди. 250 та товар штрих кодларини ёдлашди бошладим. Ўша пайти шу ишни қила олишимга ишонган эдим. У ерда шовқин, бошловчининг тинимсиз савол бериши халақит берди, холос. Диққатимни жамлашимни қийинлаштирди. Ёдлаб бўлганимдан сўнг, саҳнага қайта чиқиб айтиб беришни бошладим. Эҳтиёткорлик билан айтишга ҳаракат қилдим. Сўнгида битта предметни тўғри айтсам бўлди, эди. Охирида бироз товар рақамига иккиландим. Тўғри топдим, зал туриб олқишлади. Нима бўлаётганига ҳайрон қолдим. Бундай ҳиссиёт менда бошқа бўлмаган эди. Олдимга сертификат ва мукофот пули олиб келишди.
Қандай қилиб кучли хотира эгаси бўлиши мумкин?
Эслаб қолиш – ҳаммада бор қобилият. Кўпчилик хотирани шуғуллантирмаслиги оқибатида кучли хотирага эга бўлиш имконига эга бўла олмайди. Мен 23 ёшга кирганимда хотирани ривожлантириш бўйича нарсалар билан танишганимда, нега шуни эртароқ қилмадим, нега бу услублардан мактабларда фойдаланилмайди, деб ўйланганман. Ўйлайманки, менинг шахсий миссиям – одамларга хотирани ривожлантириш мумкинлиги, ҳар ким тез эслаб қолиш қобилиятига эга бўлиши мумкинлигини етказиш. Агар ундан тўғри фойдаланмасак, бу увол.
Энг яхши кўрсаткичим беш дақиқа ичида 468та рақам эслаб қола олганман. Шогирдларимдан бири рус тилидан 3000та сўзни беш кунда эслаб қола олди. Мана шундай пайтларда юрагим жиз этади. Тасаввур этинг, тил ўрганувчилар тез эслаб қолиш ортидан тез фурсатда мақсадларига эриша олишади. Бунинг учун миядан тўғри фойдалана билиш лозим. Инсонлар мия билан онгни адаштиради. Мия компьютердан ҳам кучли, у бир пайтнинг ўзида кўплаб функцияларни бажаради. Одамлар сабр билан хотирани кучайтиришга интилишлари лозим. Кўп нарса, таълим ва сабрга боғлиқ. Келишади-да, хотирани ривожлантириш бўйича маслаҳат сўрашади, маслаҳат берсам, бироз вақтдан сўнг келиб, кутган натижа бўлмаганини айтишади, сабрсизлик қилишади. Мен у инсоннинг хотираси қачон ўзгаришини олдиндан айта олмайман. Машқ қилиб боришда давом этавериш лозим.
Ёшлар ўз мияси устида ишлаш учун нима қилишсин?
Бир нарсани тушуниш керак. Муваффақиятга эришишни истаган ёшлар учун айтган бўлар эдим, ақлий меҳнат жисмоний ишдан бир неча баробар юқори туради. Ёшларга тўғри инсонларни намуна қилиб, нималардан фойдаланиш кераклигини, қўл билан эмас, бош билан ишлаш кераклигини, мияни ривожлантириш кераклигини англатишимиз керак. Яна бир нарса, дўстларни тўғри танлай билиш лозим. Муҳит ёшликдан тўғри танланиши лозим. Бола чалғимаслик кераклигини билади, лекин қандай чалғимаслик кераклигини билмайди. Фарзандига тавсия бериб, ота-оналарнинг ўзлари амал қилмайди. Атрофни тўғри шакллантириш оиладан бошланади. Ҳақиқий дўст сизни ҳар қандай ҳолда ҳам тушуна олиб, мақсадга эришишингизга ёрдам беради.
Ўйин-кулги ортидан қуваётган ёшларга нима деган бўлар эдингиз?
ТикТокер ёшларни ҳеч кимга ҳеч қандай зарари тегмаяпти, деб ўйлаймиз. Лекин 20-30 йилдан сўнг бунинг салбий оқибатлари намоён бўлади. Ҳозирги ёшлар ТикТок’ни ўрганишяпти. Ёшларга эмас, ота-оналарга тавсия берган бўлар эдим. Мен ҳурмат қиладиган бир инсон бор – Александр Шлеменко. Фарзандларига оддий, тугмачали телефон берган. Болаларга намуна керак, ота-онанинг ўзида маслаҳат бераётган иши акс этмаган бўлса бекор. Ўзбекистонда намуналарнинг танқислиги. Ота-оналар болаларга намуна бўлишсин. Ёшлар тиктокерларни эмас, олимларни, илмли инсонларни кузатишлари даркор.
Мавзуга оид
16:11 / 22.10.2024
Канадалик эркак итларни сайр қилдириш бўйича жаҳон рекордини янгилади. У бир вақтда 38 та итнинг жиловини ушлаб юрган
19:43 / 21.10.2024
Ҳуманоид робот узунликка сакраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди
16:50 / 10.10.2024
АҚШда ўсмир “Тетрис” ўйинида янги рекорд ўрнатди. У 255-даражагача етиб борди, шундан сўнг ўйин янгидан бошланди
12:00 / 09.10.2024