Жамият | 00:05 / 19.05.2021
11005
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда тормози панд берган юк машинаси тўртта машинага шикаст етказди. 8 киши жароҳат олди

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган Howo юк машинасининг тормози ишламай қолиши оқибатида рўй берган йўл-транспорт ҳодисасида жами тўртта машинага зарар етган. 8 киши жароҳатланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 17 май куни соат 22:45 ларда Бухоро вилояти, Олот туманида яшовчи И.Б. Howo юк машинасида М-39 Алмати–Тошкент–Термиз халқаро автомобил йўли орқали Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётганда Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудида тормози ишламай қолган.

Ҳайдовчи машинани тўхтата олмагани учун Howo ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи Ҳ.Р. бошқарувидаги Нексия, Қамаши туманида яшовчи М.Н. бошқарувидаги Нексия, Шаҳрисабз туманида яшовчи М.А. бошқарувидаги Нексия, Жиззах шаҳрида яшовчи М.О. бошқарувидаги Ласетти русумли машиналарининг орқа қисмига уриб, уларга жиддий шикаст етказган.

Оқибатда, енгил машиналар салонида бўлган Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах шаҳрида яшовчи 8 нафар фуқаро тан жароҳатлари олган. Уларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Қайд этилишича, ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ 1-сафарбарлик гуруҳи инспектори, сафдор Ш.Ирматов хизмат машинаси билан Howo’нинг олдидан ўтиб огоҳлантириш сигнали билан йўлдаги бошқа машиналарни йўл четига чиқишлари тўғрисида огоҳлантирган. У бу ҳаракати билан юк машинасининг бошқа машиналарга шикаст етказишининг олдини олган.

Мавзуга оид