Жамият | 11:43 / 19.05.2021
8434
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган ўқитувчиларга уй берилди

18 май куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга бошқа ҳудуддан бориб фаолият бошлаган 5 нафар ўқитувчига намунавий лойиҳаси асосида қурилган уйларнинг калити топширилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Президент қарорига кўра, олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун келган олий маълумотли мутахассисларга имтиёзлар эълон қилинган эди. Ушбу ўқитувчилар янги қурилган математика фанига ихтисослаштирилган 1-давлат умумтаълим мактабига Бухоро ва Жиззах вилоятларидан келиб иш бошлади.

Ўқитувчиларга уйларни топшириш маросимида халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Анвар Каримов, соҳанинг мутасадди вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, мактаб педагогик жамоаси иштирок этди.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамованинг маълум қилишича, бу ташаббус таълим даражаси юқори бўлмаган «қизил мактаб»ларга бошқа ҳудудлардан маҳоратли ўқитувчиларни жалб этиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан амалга оширилган.

«Бундай ўқитувчиларни рағбатлантириш уларда ўз фаолиятига бўлган иштиёқни оширади. Ўз ишининг фидоийси бўлган мутахассисларни ўз ҳудудига жалб этиш ўша ҳудудда таълим сифати ошишига, аҳолининг билим даражаси ортишига ва келгусида ҳудуддан кўплаб салоҳиятли шахслар етишиб чиқишига сабаб бўлади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига:

  • бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритса, 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган бўлса, 100 фоиз устамалар тўланади.

Мавзуга оид