Ўзбекистон | 07:51 / 19.05.2021
11884
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида аёлларни Туркияга фоҳишалик қилиш учун жўнатаётган шахс ушланди

Тошкент вилояти ИИББ Ноқонуний миграция ва одам савдосига қарши курашиш бўлими ва Бўка тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан навбатдаги одам савдоси билан боғлиқ ҳолатга чек қўйилди.

ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йил 13 май куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, Бўка шаҳрида яшовчи эр-хотин, 1989 йилда туғилган Зокир ва 1995 йилда туғилган Комила (тўрт нафар фарзанди бор, исм шарифлар ўзгартирилган) олдиндан жиноий тил бириктириб, Тошкент вилоятида яшовчи, моддий жиҳатдан қийналган аёлларга, хусусан, 1999 йилда туғилган Мадина ва 1994 йилда туғилган Мухлисага Туркияда мўмай даромад тўланадиган иш топиб бериши, ёрдам сифатида йўл харажатларини ўз ҳисобидан қоплаб беришини ваъда қиладилар.

Дастлабки суриштирувлар давомида уларнинг мақсади аёлларни Туркия давлатига фоҳишалик учун юбориш экани, Зокирнинг турмуш ўртоғи Комила 2021 йил апрел ойида эри билан олдиндан келишган ҳолда Туркия давлатига жўнаб кетгани ва турмуш ўртоғи олиб бориши керак бўлган аёлларни кутиб олиши режалаштирилгани аниқланди. 

Зокир аёлларни И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Тошкент-Истанбул авиарейси орқали Туркияга олиб кетаётган вақтида вилоят ИИББ тезкор ходимлари томонидан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 25,135-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид