Ўзбекистон | 16:11 / 20.05.2021
6650
4 дақиқада ўқилади

Бешта ҳудудда 9,33 гектар ерни қонунга зид равишда сотишга уринган шахслар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати ИИВ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент, Сурхондарё, Бухоро, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 9,33 гектар ерни қонунга зид равишда сотишга уринган, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган шахсларни қўлга олган.

Таъкидланишича, ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи икки нафар фуқаро мазкур туманнинг Салар шаҳарчаси ҳудудидаги 2 гектар ер майдонини 1 млн 10 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, мазкур ер майдони 2018 йил Қибрай тумани ҳокими тегишли қарори билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун Тошкент шаҳрида яшовчи, 1963 йилда туғилган фуқарога ажратиб берилган бўлиб, лекин бугунга қадар ушбу манзилда ҳеч қандай амалий иш қилинмаган. ДХХ ҳозир мазкур ер эгасини тергов ҳаракатларига жалб этиш чоралари кўрилаётганини маълум қилган.

ДХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят ҳокимлиги қурилиш мажмуаси собиқ ходими, Термиз шаҳрида яшовчи аёл Бандихон туманида жойлашган, ўз номидаги масъулияти чекланган жамият балансида бўлган 2 гектар суғориладиган ер майдонини 30 минг АҚШ долларига сотган вақтида қўлга олинган.

Аниқланишича, ушбу ер майдони 2020 йил вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкалари бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия йиғилиш баёни асосида иссиқхона қуриш мақсадида бепул ажратилган, бироқ ҳозирга қадар ҳеч қандай амалий иш қилинмаган.

ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фирибгар шахслар сўралган пулни олган вақтларида ушланган.

Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Боёвут туман бўлимида мироб бўлиб ишловчи шахс ўз турмуш ўртоғи номига сабзавотчилик билан шуғулланиш учун ажратилган 5 гектар ер майдонини маҳаллий фуқаро номига ҳокимият идораларида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари сўраган.

Бухоро вилояти Пешку туманида яшовчи, муқаддам ҳокимият тизимида ишлаган икки нафар фуқаро қурилиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбарининг ишончига кириб, унга мазкур туман ҳудудида қўп қаватли уй-жой қуриш учун ажратилган 19 сотих ер майдонини ҳокимиятдаги мансабдор танишлари орқали олиб беришни айтиб, эвазига 38 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ходимларининг иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида мазкур шахс сўралган пулни олган вақтида қўлга олинган. ДХХ матбуот хизматига кўра, айни пайтда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодекси тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар Яккасарой туманида истиқомат қилувчи шахс 148 минг АҚШ доллари эвазига мансабдор танишлари орқали Янгиҳаёт тумани ҳудудидан 14 сотих ер майдонини тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб, олиб беришни ваъда қилади. ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у 20 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, у мазкур пул маблағини Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги масъул ходимига бериши кераклиги маълум бўлди ва тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахс ҳам 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мавзуга оид