Ўзбекистон | 13:15 / 21.05.2021
40287
3 дақиқада ўқилади

Қибрайдаги экин майдонлари нега бузилгани маълум бўлди. Деҳқонларга товон пули тўланди

Ижтимоий тармоқларда Қибрай туманидаги 9 гектар ер майдонига экилган қулупнай бузиб ташланаётганига доир видео тарқалди. Kun.uz ушбу ҳолатни тўлиғича ўрганди.

Маълум бўлишича, видео акс этган ҳолатлар ҳақиқатда ҳам рўй берган, воқеалар туманнинг Мусомуҳаммедов массивида бўлиб ўтган. Ушбу ер участкалари, шунингдек қўшни ҳудудларда жами 104 гектар ер майдонида йирик ижтимоий объект барпо этилаётгани боис, «Саидвали Ҳожи» фермер хўжалигига қарашли 20,2 гектар ер майдони барча экилган экинлар ва боғ учун қилинган харажатлар учун товон пули тўланиши шарти билан жамоат эҳтиёжи учун олинган.

Туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги масалалари бўлими бошлиғининг ўринбосари Ҳамидулла Тўрахўжаев ушбу масалага қуйидагича ойдинлик киритди.

Ҳамидулла Тўрахўжаев

«Фермер хўжалигида 20,2 гектар ер майдони мавжуд. Шу ер майдонидан 12 гектар боғи бор, ўша боғнинг оралиғига 8 гектар қулупнай экилган. Давлат эҳтиёжига олишда фермер билан келишилган эди. Деҳқонлар ҳам бўшатиб беришга рози бўлишди. Ўшанда терилмаган қулупнай учун бир гектарига 50 млн сўм, ярмидан ўтган, яъни терилган майдонлар учун гектарига камида 24 млн сўм товон пули тўлашга келишилди.

8 гектар жойда 9 киши қулупнай экиб деҳқончилик қилган. Биз далолатномалар тузилиб, қийматни чиқариш учун экспертизага берилгани, нархлаш ишлари якунланиб тасдиқлангач, ҳужжатлар молия бўлимига тақдим этилиши ҳамда товон пуллари тўланишини айтганимизда тўғри тушунишганди. Орадан 4-5 кун ўтгач, ишончсизлик пайдо бўлдими, тўламаяпсизлар, деган маънода шундай йўл тутишмоқда. Қолаверса, тарқаган видеода картошка бузилаётгани акс этган, боғ ораларига экилган қулупнай майдонлари олдинроқ бузилган эди», - дея ойдинлик киритди Ҳамидулла Тўрахўжаев.

Таъкидланишича, асосан водий вилоятларидан келган деҳқонлар фермер хўжалиги раҳбари билан оғзаки келишув асосида деҳқончилик билан шуғулланиб келишган. Айримлар фақат қулупнай эккан бўлса, баъзилари седана, фасол ва картошка уруғи ҳам қадаган.

Ҳокимлик мутасаддисининг айтишича, 20,2 гектар майдонидаги боғ ва экинлар учун жами 850 млн сўм товон пули тўлаш назарда тутилмоқда. Якуний рақам экспертиза хулосасидан сўнг аниқ бўлади. Қулупнай майдони учун ажратилган 192 млн сўм ҳам шу сумманинг ичида.

Ўрганишлар чоғида деҳқонлар қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотнинг дала идорасига чақиртирилиб, уларга жами 154 млн сўм товон пуллари тўланди. Шу билан бирга, улардан қулупнай экини учун қилинган харажатлари қоплангани, бу экин учун эътирозлари йўқлиги ҳақида тилхатлар ҳам олинди.

Қайд этиш керак, фермер хўжалиги ер майдонларида экилган бошқа экинлар учун товон пуллари баҳолаш экспертизаси ўтказилгач, яна тўланади. Бу жараённи кузатишда давом этамиз.

Мавзуга оид