Ўзбекистон | 16:51 / 21.05.2021
22343
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ЕОИИга аъзо давлатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклашни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклашни таклиф қилди. Давлат раҳбари Евросиё олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида шундай ташаббус билан чиқди.

«Эпидемиологик вазиятнинг барқарорлашишини, мамлакатларимизда аҳолини эмлаш жараёнини ҳисобга олган ҳолда, биз мунтазам ҳаво ва темирйўл қатновини тиклаш вақти келди, деб ўйлаймиз.

Биз Евросиё иқтисодий комиссияси ва аъзо давлатлар билан тўсиқларни бартараф этиш ҳамда савдо-сотиқни тартибга солишнинг тарифсиз чораларини янада яқинлаштириш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Давлатларимизнинг етакчи корхоналари ва ҳудудлари ўртасида саноат кооперациясини жадал ривожлантириш иқтисодиётга ижобий таъсир ўтказади ҳамда учинчи давлатлар бозорларини биргаликда ўзлаштириш имконини беради. Биз иқтисодиётнинг реал сектори, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик учун катта салоҳият борлигини кўряпмиз. Қўшма лойиҳаларни илгари суриш ва амалга ошириш учун Евросиё тараққиёт банки билан ишлашга тайёрмиз. 

Транспорт-транзит соҳаси иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш катализатори ҳисобланади. Бу ерда қуйидаги масалаларни ҳал қилиш талаб этилади: юкларнинг чегарадан ўтишини тезлаштириш, стандартларни мувофиқлаштириш, назорат-ўтказиш пунктлари ишини оптималлаштириш, чегарани кесиб ўтиш жараёнини такомиллаштириш. 

Бундан ташқари, биз юкларни ташиш ва транзити учун ўзаро преференциялар тақдим этиш амалиёти кенгайишини қўллаб-қувватлаймиз», деди Шавкат Мирзиёев Евросиё олий иқтисодий кенгаши йиғилишида.

Мавзуга оид