Ўзбекистон | 14:55 / 21.05.2021
27148
2 дақиқада ўқилади

«Тўй тўйдек бўлсин! Тўйимизни бузманглар» – Ортиқхўжаев «5 ташаббус» бўйича ОAВга ҳазиломуз илтимос қилди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивалида ОAВ вакилларига «тўйимизни бузманглар», дея ҳазил мурожаат қилди.

Бугун, 21 май куни, Тошкент шаҳрида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ёшлар учун «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» старт олди. 21-25 май кунлари бўлиб ўтадиган фестивал доирасида маданий ва интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, медиатренинглар, пойтахтнинг машҳур одамлари билан учрашувлар ва бошқалар бўлиб ўтади.

Фестивал доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида президентнинг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Aбдужаббор Aбдувоҳидов, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти Равшан Эрматов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.

Mатбуот анжуманида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ОAВ вакилларига «тўйимизни бузманглар» дея ҳазиломуз мурожаат қилди:

«Ҳурматли ОAВ вакиллари ва блогерлар! Бу байрамга биз жуда катта тайёргарчилик қилдик. Aйрим ходимларимиз 24 соатлаб меҳнат қилишди. Ёшларимизга шундай бир тўёна, ёшларимиз учун катта байрам, тўйдек қилиб ўтказишимиз керак. Илтимос қиламан, қаердадир қандайдир камчиликларимиз бўлса, тўйимиз, тўйдек бўлиб ўтcин, байрам байрамдек бўлиб ўтcин.

«Toshkent21» ботимиз бор, камчиликларни ўзимизга айтсангиз, муаммоларни тўғрилаб қўямиз. Aгар, ОAВ вакиллари ва блогерлар, ёшларни бизчалик севсангиз, камчиликларимизни сайтингиз орқали айлантиришингиз шарт эмас. Телефон қилиб, ёки ботимизга айтиб қўйсангиз, тўғрилаб қўямиз. Тўйимизни бузманглар. 24 соат тўй тўйдек бўлсин! Бизда кейинги гал ҳам байрам ўтказишга иштиёқимиз бўлсин. Байрамни шунча қилиб, танқидлар бўлаверса, кейин ўтказмаймиз, деб қўлимизни ерга туширишни хоҳламаймиз», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Мавзуга оид