Даҳшатли рақамлар №2 – 4 ойда 557 киши ЙТҲ қурбони бўлган
Куни кеча “Даҳшатли рақамлар! Биз қаёққа қараб кетяпмиз?!” сарлавҳали мақола эълон қилган ва унда 10 кун ичида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари кўламидан ҳайратланган эдик. Йирик аварияларнинг ўзида 40 дан ортиқ инсон қурбон бўлган бу 10 кунлик аслида бир маромда ошиб бораётган ҳолатлар силсиласи экани маълум бўлмоқда.
Қурбонлар сони бўйича сўров юборганимизда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан лўнда инфографика тақдим этилди. Шунчаки рақамлардан иборат бу маълумотнинг ҳар бир нуқтаси кишини ларзага солади. Мамлакатдаги йўл ҳаракати бўйича ҳолат жиддий муҳокамалар ва кескин чоралар кўришни талаб қилади.
Диққат қилинг, 2021 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида:
1. 557 киши ЙТҲ қурбони бўлган (бу кичикроқ бир қишлоқ бутунлай қирилиб кетиши демакдир. Ҳеч қандай кўчки ёки сув тошқинида эмас, айнан инсоннинг темирни жиловлай олмагани оқибатида);
2. 1684 киши жароҳатланган (катта эҳтимол билан минглаб киши энди бутун умр бошқалар кўмагига муҳтож ва ногиронликка маҳкум бўлади);
3. «Авария»лар сабаби таҳлил қилинганида мутлақ етакчилик белгиланган тезлик меъёрига амал қилмаслик туфайли экани маълум бўлади – 32,4 фоиз (хўш, қоидабузарликларга сабаб сифатида абгор йўллар ва мавжуд қолоқ инфраструктураларни кўрсатувчилар – қайси ўнқир-чўнқир йўлларда бундай натижаларга эришиб, одамлар умрига зомин бўляптилар экан?..);
4. Ҳайдовчилар ёши таҳлил қилинганида кутилганидек 32 ёшгача бўлганлар етакчилиги кўринади, ёш улғайгани сари қоидабузарлик камая боради;
5. Вилоятлар бўйича ўрганилганда аҳоли сони фактори кўп ҳам мос келмаслиги маълум бўлади. Зеро Самарқандда 246 та ЙТҲ юз бергани ҳолда Бухорода бор-йўғи 47 та авария содир бўлгани қизиқ. Лекин аҳолиси Самарқанддан кам бўлган Фарғона вилоятида содир этилган 328 та ЙТҲ бир ҳафта ичидаёқ 20 дан ортиқ киши «авария» қурбони бўлгани сабабини англатгандай бўлади. Айнан бу вилоятда қилинадиган ишлар жуда кўплигини кўрсатади;
6. Кўпчилик аёлларни машина бошқарувида уқувсизликда айблайди. Аммо ЙТҲ содир этишда сабабчи эркаклар 2180 нафар бўлгани ҳолда аёллар бор-йўғи 62 нафарлиги бунинг аксини кўрсатади. Кўпчилик ҳайдовчи аёллар камлигини рўкач қилар, чиндан ҳам шундай, лекин аварияларга мутаносиб тарзда 40/1 нисбатда эмас;
7. Яна бир жиҳат – «авария»ларни тундаги қоронғилик ва чарчоқ билан боғлаймиз. Аммо статистика бунинг аксидан дарак бермоқда. Аксарият ҳодисалар куппа-кундузи содир этилади (1361/881).
Рақамлар, таҳлиллар кўрсатадики, ўзимизни ҳар қанча оқлашга уринмайлик, айбни бошқага ағдармайлик, асосий сабаб ҳайдовчилик малакаси ва маданиятига бориб тақалмоқда. Вазият аянчли, йўлларда ҳар куни ўртача 4-5 одам ўлиб кетяпти ва энг ёмони бу кўрсаткич ошишда давом этяпти.
Савол туғилиши мумкин: хўш, бошқа давлатларда аҳвол қандай? ЖССТ маълумотларига кўра ҳар йили камида 1,2-1,5 млн киши ЙТҲ қурбони бўлади, 20-50 млн киши жароҳатланади. Ҳар 100 минг аҳолига нисбатан авариялар туфайли ўлим кўрсаткичлари бўйича статистик ҳолат ҳам ҳар 4-5 йилда ўрганиб, янгиланиб борилади. 2018 йилда эълон қилинган ва 175 давлатга оид маълумотлар жамланган рўйхатда Ўзбекистон ҳар 100 минг аҳоли орасидан ЙТҲ туфайли ўлимлар сони бўйича 11,5 киши билан 117-ўринни эгаллаган. Давлатимиз Тринидад ва Тобаго (12,1) ҳамда Самоа оралиғида (11,3).
Бу борада Африканинг қолоқ давлати бўлган Либерия 35,9 кишилик кўрсаткич билан етакчи. Кейинги ўринларни Сент-Люсия ва Бурунди эгаллаган (35,4/34,7).
Энг юқори ўриндаги Сан-Марино 0 кўрсаткич билан бу борада мисол бўла олмаслиги мумкин. Аммо юксак ривожланган ва автомобиллари биздан анча кўп бўлган Сингапур (169-ўрин, 2,8 кишилик кўрсаткич), Швеция (170/2,8), Норвегия (171/2,7), Швейцария (172/2,7) каби давлатлар бизга ўрнак бўла олади ва бўлиши шарт.
Ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиевнинг мавзу бўйича фикрларига диққат қилинг:
“Қонли ҳафта”
Қоидага амал қилиши билан эмас, аксинча қоидаларни бузгани билан мақтанадиган, қоидабузарларга қарши курашмасдан, аксинча қоидабузарларни аниқлайдиган инсонлар (ЙПХ инспекторлари ёки фаол фуқаролар) ёхуд мосламаларга (масалан, радарлар) қарши курашадиган инсонлар жуда кўп бўлган жамиятнинг ҳар ҳафтаси ва ҳар куни қонли бўлади. Ишонмасангиз, марҳамат, фактларга эътибор беринг:
2021 йил:
- 7 май. Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида Isuzu юк машинаси ҳайдовчиси бошқарув вақтида ухлаб қолиб, йўл четида тўхтаб турган «Камаз»га бориб урилди. 1 киши вафот этди;
- 8 май. Бухоро вилояти Когон туманида «Нексия» ҳайдовчиси рўпарадан келаётган тракторга бориб урилди. 1 киши вафот этди;
- 8 май. Қашқадарё вилояти Касби туманида ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузиб, катта тезликда келаётган “ВАЗ 21-01” йўлнинг қарама-қарши томонидан катта тезликда ҳаракатланаётган “Нексия” билан тўқнашди. 7 киши вафот этди. Уларнинг орасида 1 ва 4 ёшли болалар ҳам бор;
- 9 май. Самарқанд вилояти Пайариқ туманида "Damas" ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четида бўлган 9 ёшли болакайни уриб юборади. Болакай туман шифохонасида вафот этди;
- 10 май. Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида аввалроқ маст ҳолда машина бошқаргани учун 18 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс суд қарорига риоя қилмасдан яна "Spark" рулига ўтириб, 23 ёшли пиёдани уриб юборди. Пиёда воқеа жойида вафот этди;
- 10 май. Фарғона вилояти Ёзёвон туманида ҳаракатланиб кетаётган «Cobalt» қарама-қарши йўналишдан келаётган «Cobalt» билан тўқнашди. 6 нафар шахс вафот этди;
- 11 май. Нукус-Тўрткўл йўлининг 225 километрида Cobalt, Nexia ва Damas ўзаро тўқнашиб кетган. Aвария натижасида жами 6 киши ҳалок бўлган;
- 12 май. Наманган вилояти Норин туманида «Нексия» ва «ЗИЛ» тўқнашди. 2 киши вафот этди.
Булар мен топганларим холос. Аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда тинчлик деймиз, уруш бўлаётган бошқа давлатларда ҳалок бўлаётганларга ачинамиз-у, лекин шундоққина ён-атрофимизда урушлардагидан ҳам кўпроқ одам ўлаётганига бепарвомиз. Ваҳоланки, ўзимиз ҳам ҳар куни шу қўрқинчли йўлда юрамиз, ҳеч қайси биримиз омон қолишга кафолатланмаганмиз. Хулоса қилишнинг айни фурсати... Аллоҳ барчамизни ўз паноҳида асрасин, илоҳим”.
Чиндан ҳам хулоса қилишнинг, барчасини, бутун тизим фаолиятини, вазиятга ўз муносабатимизни қайта кўриб чиқишнинг айни вақти. Ҳатто анча кечикдик ва кечикишда давом этмоқдамиз ҳам...
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
10:59
Оҳангаронда ўзаро тўқнашган Cobalt машинаси ва Isuzu автобуси ёниб кетди
21:36 / 03.11.2024
Наманганда мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб ЙТҲ содир этди
09:53 / 03.11.2024
Тошкентда Spark билан тўқнашган Matiz ағдарилиб кетди
18:30 / 01.11.2024