Ўзбекистон | 12:46 / 23.05.2021
13140
11 дақиқада ўқилади

Интеллектуал мулкка бойлик деб қараш керак — ҳуқуқшунос билан суҳбат

Бутун дунёда интеллектуал мулк қимматли нарса, деб эътироф этилади. Машҳур бренд эгалари, бестселлер асар муаллифлари, ихтирочиларнинг миллиардер экани ҳақида кўп кинолар кўрганмиз, уларнинг мотивацион асарларини ўқиганмиз.

Хўш, Ўзбекистонда ҳам шундайми? Асарларини севиб ўқиган муаллифларимиз, ихтиролар қилган одамлар бойми? Бренд эгалари ўзларининг товари орқасидан миллиардер бўлиб кетишяптими? Жавоб беришга қийналамиз. Нега бизда ҳамма интеллектуал мулк эгалари ҳам бой эмас? Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича мутахассис Абдумўмин Йўлдошев билан айни мавзуда суҳбат уюштирдик. Қуйида суҳбатнинг асосий қисмларини ва суҳбатдошимизнинг фикрларини келтирамиз.

Интеллектуал мулкдан фақат эгаси эмас, жамият ҳам фойда олади

Интеллектуал мулк инсоннинг ижодий тафаккури билан яратиладиган нарса ҳисобланади. Улар турли саноат мулки объектлари ёки муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган асарлар бўлиши мумкин. Инсон ҳаёти тўлалигича интеллектуал мулклардан иборат. Бу шундай мулкки, ундан фақатгина эгаси эмас, балки жамият ҳам манфаатдор бўлади. Масалан, бирор ихтиро жамият тараққиёти учун хизмат қилиши мумкин.

Интеллектуал мулкнинг аҳамияти йилдан йилга ошиб бормоқда. Статистик маълумотларга кўра, 1970 йилларда жаҳонда номоддий активларнинг улуши бор-йўғи 17 фоизни ташкил қилган бўлса, 2020 йилда уларнинг улуши 90 фоиздан ошиқни ташкил қилган. Пандемия интеллектуал мулкка бўлган талабни ошириб юборди. Масалан, ўтган йил бошида турли давлатларда локдаунлар эълон қилина бошлагач, февралнинг бир ҳафтасида 2019 йилнинг бутун даврига нисбатан дастурий таъминот маҳсулотларини юклаб олиш 80 фоизга ошган.

Муҳофаза жойида, лекин ҳимоя оғриқли масала

Интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ иккита тушунчани аниқлаштириб олиш керак: муҳофаза ва ҳимоя. Муҳофаза бирор интеллектуал мулкни яратиб, уни рўйхатдан ўтказишгача бўлган жараён. Масалан, ихтиро яратилса, Интеллектуал мулк агентлигида патентланади ва муҳофазага олинади. Ҳимоя эса ундан кейинги жараён. Кимдир интеллектуал мулкдан берухсат фойдаланса, интеллектуал мулк ҳимоя қилинади.

Ўзбекистонда интеллектуал мулк муҳофазаси яхши ташкил қилинган: интеллектуал мулк экспертизаси ва бошқа тартиблар яхши ташкиллаштирилган. Бироқ интеллектуал мулк ҳимояси оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Ҳозиргача интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳимоясига оид суд амалиёти тўлақонли шаклланмаган. Тўғри, товар белгилари билан боғлиқ тажриба бор, лекин муаллифлик ҳуқуқи ва саноат мулки объектлари билан боғлиқ амалиёт жуда кам.

Муаллифдан розилик олиниши керак

Жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат шаклланиши керак. Амалиётда муаллифдан розилик олинганда аксар ҳолларда у текинга ҳам ўз асаридан фойдаланишга рози бўлади. Лекин муҳими – унинг розилиги. Масалан, Усмон Азим қаламига мансуб ва Шерали Жўраев томонидан куйланган «Карвон» қўшиғи Санжай тахаллуси билан ижод қиладиган ижодкор томонидан рухсатсиз куйланди. Лекин бу ҳолатда қўшиқ куйланишидан олдин муаллифдан рухсат олиниши керак эди.

Қувонарлиси, ҳозир муаллифлар ҳам ўз ҳуқуқларини талаб қилишни бошлаяпти. Масалан, яқинда ижрочи Ўктам Алиевнинг «Ўйламадим» қўшиғини ўзининг розилигисиз куйлагани учун Достон Эргашевга нисбатан ҳам маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги санкция қўлланди, муаллифга етказилган зарар ҳам ундирилди. Бу муаллифлик ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши кераклиги учун яхши сигнал бўлди.

Ўзбекистонда ҳар йили нечта ихтиро патентланади?

2019 йилда 378та ихтирога патент берилган. Буни олдинги йиллар билан солиштирганда кўп, лекин бу кўрсаткич паст. Ихтирочилик вилоятлар кесимида солиштирилганда, 2019 йил Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва водийда асосий ихтиролар қилинган. Бу қолган вилоятларда ихтиролар камлигини ёки деярли йўқлигини билдиради.

Шуни унутмаслик керакки, ҳамма ихтиролар ҳам саноатда ишлаб кетмайди. Ҳатто АҚШда ҳам патентланадиган ихтироларнинг 80 фоизи ишлаб кетмайди. Бу Ўзбекистонда ҳам содир бўлишини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда ихтирочилик ривожи паст эканини кўриш мумкин. Бундан ташқари, ҳозир Ўзбекистонда ихтиро учун патент олганларга илмий даража берилади. Ҳозирги ихтиролар кўп ҳолларда илмий даража олиш учун ҳам қилинмоқда. Лекин ихтиро қилишдан биринчи мақсад уни тижоратлаштириш бўлиши керак.

Бизда ихтирочи деганда, Фанлар Академиясида ишлайдиган олим, профессорлар тушунилади, лекин ривожланган давлатларда ихтирочилар аҳолининг бир тоифаси билан чегараланмайди. Ихтирочи оддий одам, ўқитувчи ёки бошқа касб эгаси бўлиши мумкин. Ўзбекистонда ихтирочилар камлигининг сабабларидан бири рағбатнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ. Масалан, «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонунда муаллифлар, саноат мулкидан фойдаланувчиларга солиқ ва кредит имтиёзлари берилиши лозимлиги қайд этилган. Бироқ бу норма амалиётда умуман ишламаган.

Иккинчи масала эса интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қила олишга муаллифларда ишонч қолмаганини ҳам келтириш мумкин. Бу вазифа, аслида, фақат Интеллектуал мулк агентлиги эмас, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳам иши бўлиши керак.

Формула ёзолмайдиган ихтирочилар

Хоҳласак-хоҳламасак, ҳар бир нарсанинг ўз қоидалари бўлади. Масалан, ихтиро патент олиши учун унинг формуласи, тавсифи каби ҳужжатлари бўлиши керак. Шу ҳужжатларга қараб ихтироларнинг янгилиги, саноатда қўллаш даражаси кабилар баҳоланади. Лекин кўпинча ихтиро қилган одам ҳужжатлаштириш ишларини эшитиб, ихтиросини вақтида патентламайди. Бу эса ундан ноқонуний фойдаланилишига йўл очиб бериши мумкин.

Олдинлари ОТМларда патентшунос деган лавозим бўлган. Улар ихтиро қилган одамларга ҳужжатлаштириш ишларини қилишда ёрдам берган. Ҳозир ҳақиқатан, ҳужжатларни расмийлаштириш учун кўпроқ вақт кетади. Аслида, Ўзбекистон қонунчилиги бўйича муаллиф 2 йилга етмасдан барча расмиятчиликларни қилиб патент олиши мумкин. Лекин муаллифлар расмиятчилик ишларини қилишда камчиликларга йўл қўйиши сабабли бу муддат узайиб кетади. Ихтиронинг аҳамияти эса йиллар ўтиб йўқолиши мумкин.

Бундан ташқари, кўпинча талабнома топшириш учун рус тилидан фойдаланилиши ҳам патентга даъвогарлар учун мураккаблик қилиши мумкин. Шунинг учун ўзбек тилида иш юритишни тўлиқ ташкил қилиш лозим.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи таълими ҳам оғриқли масалалардан бири. Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича мутахассис – патент вакиллари Ўзбекистонда кам саноқли, уларнинг орасида ҳам ихтиролар бўйича ихтисослашган мутахассислар жуда кам. Айни пайтда шунинг учун ҳам Тошкент давлат юридик университетида Интеллектуал мулк ҳуқуқи бўйича магистратура йўналишида ҳам кадрлар тайёрлаш бошланди. Улар таълимдаги бўшлиқларни тўлдиришлари зарур.

301-доклад

АҚШ савдо шериклари ўртасида интеллектуал мулк қоидаларига риоя этилишини доимий ўрганиб боради. Шу асосида доимий равишда ҳуқуқшунослар «301-доклад» деб атайдиган ҳисоботни чоп этиб боради. Охиргиси апрел ойида чиқди. Унда Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳимояси ҳақида ҳам таҳлиллар бор.

Ўзбекистонда ҳали муаллифлар ўз ҳуқуқларидан тўлалигича фойдаланиш кераклигини тушуниб етишмаган. Кўп ҳолларда улар ўз ҳуқуқларини шартнома орқали бошқага ўтказиб, даромад олиш тартиб-қоидаларини тушунишмайди. Бу уларнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлади.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилиши билан боғлиқ иккинчи йўналиш товар белгилари билан боғлиқ. Ҳозир Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқининг деярли тенг ярмини товар белгилари ташкил қилади. Лекин кўп ҳолларда ишлаб чиқарувчилар машҳур брендларга ўхшаш қилиб ўз маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Бу бозорни тезроқ эгаллаш учун қилинади. Лекин тадбиркорлар бу ўринда интеллектуал мулк ҳуқуқини бузиш орқали товар белгисининг асл эгасига зарар келтирмоқда.

Интернетда муаллифлик ҳуқуқи

Ҳозир жуда кўп нарса виртуал оламга кўчди ва виртуал тарзда тирикчилик қилаётганлар ҳам кўпайди. Бу эса ўз-ўзидан интеллектуал мулк ҳуқуқининг ҳам бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистонда интернетда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва дастурий таъминотлардан ноқонуний фойдаланишга қарши курашиш бўйича «Ўзкомназорат» ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига ваколат берилган. Ички ишлар вазирлиги тизимига қарашли Киберхавфсизлик маркази ҳам интернет тармоғида муаллифлик ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Лекин барибир биринчи навбатда муаллиф ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ташаббус кўрсатиши зарур.

Таклифлар

Муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун муаллифга етказилган зарарни аниқ белгилаш зарур. Низоли ҳолатлар рўй берганда, муаллифга етказилган зарар ундирилишида суд томонидан адолатли қарор чиқарилиши учун ҳам зарарнинг аниқ шкаласи белгилаб қўйилиши фойдали. Ҳозир бундай шкала фақат «Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида»ги қонунда белгиланган. Буни бошқа турдаги интеллектуал мулк муаллифлари учун ҳам жорий этиш лозим деб ўйлайман.

Яқинда Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига нашриётга тегишли муаллифлик ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги пост жойлади. Нашриётга тегишли муаллифлик ҳуқуқи бузилиши билан бирга тадбиркорлик фаолиятини эркин олиб боришга ҳам тўсиқ бўлмоқда. Сабаби нашриёт ўзи кўзлаган фойдани ололмаяпти. Муаллифлик ҳуқуқини бузганлик учун санкциялар – жарима миқдорлари эса етарли эмас. Жиноят кодексидаги муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик учун санкцияларни кучайтириш вақти келди.

Интеллектуал мулк – сердаромад мулк

Интеллектуал мулк жуда сердаромад йўналиш. Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти таҳлилларига кўра, 2019 йилда 17 та давлат машҳур қаҳрамонлар ва ўқув-илмий адабиётлардан фойдаланиш учун лицензия олиш натижасида 64,1 млрд доллар фойда кўрган. 2017 йилда АҚШнинг ЯИМига муаллифлик ҳуқуқлари орқали келган даромад 2,2 трлн долларни ташкил қилган. Бу – АҚШ ЯИМининг 12 фоизига тенг.

Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулкка нисбатан қиймат сифатида қарашни шакллантириш зарур. Масалан, ҳозир Ўзбекистонда интеллектуал мулк Ўзбекистоннинг иқтисодиётида қанча фоизни ташкил этиши, муаллифлар қанча даромад олаётгани ҳақида статистикалар юритилмайди. Бундай статистикалар керак. Муаллиф ўзи яратган интеллектуал мулкдан фойда олишини, даромад қила олишини билса, унда рағбат пайдо бўлади ва бу соҳа ривожланади.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди

Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид