«Ўзбекистонда қуруқлик портини яратиб МДҲ давлатларига товарларни реэкспорт қилмоқчимиз» – Мухтор Умаров
Тошкентда «Tashkent International Business Hub» ўз ишини бошлади. Унда Қирғизистондан келган йирик инвестор ва тадбиркорлар иштирок этмоқда. Бизнес ҳаб доирасида Иқтисодиёт Aссамблеяси раиси Мухтор Умаров қўшни давлатлар билан савдо платформасини ва Ўзбекистонда қуруқлик портини яратиш, Aфғонистондан табиий қазилма бойликларини олиб келиб қайта ишлаш борасида гапирди.
Тошкентда Экспортчилар уюшмаси ва бизнесни ривожлантириш уюшмалари томонидан ташкил этилган «Tashkent International Business Hub» ўз ишини бошлади, дея хабар берди Kun.uz мухбири.
Бинзес ҳабда Қирғизистондан келган йирик инвестор ва бизнесменлар иштирок этмоқда, улар ўзбекистонлик тадбиркорлар ва инвесторлар билан Б2Б учрашувлар ўтказади ва шу ернинг ўзида шартномалар имзолайди.
Иқтисодиёт ассамблеяси раиси Мухтор Умаровга кўра, бундай лойиҳа илк марта пилот режимида амалга оширилмоқда ва унинг мақсади Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган давлат сифатида бизнес марказига айлантиришдир.
«Ушбу бизнес ҳаб бундай форматдаги илк йиғилиш. Aсосий мақсад кичик ва ўрта бизнес кесимидаги тадбиркорларнинг ҳамкорликлари учун платформа яратиш. Мана шу платформа орқали улар бир-бирларини топади, музокаралар олиб боради, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун платформа яратиш асосий мақсад.
Буни биринчи марта пилот усулида қиляпмиз. Ушбу йиғилишимиз муваффақиятли бўлса, кенгайтириб, 5+1 ёки 6+1 форматида олиб боришни режалаштиряпмиз. Яъни МДҲ давлатлари – Туркия, Aфғонистон, Қозоғистондан тадбиркорларни чақириб, Ўзбекистонда бизнес ҳаб яратиш. Келажакда Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг ўртасида жойлашган давлат сифатида бизнес марказига айлантириш учун ҳаракат қиляпмиз. Бизда барча имкониятлар бор. Яъни географик жойлашувимиз ўртада, нафақат Ўрта Осиё балки Европа билан Осиёнинг кесишув нуқтасида жойлашганимиз учун ҳам бошқа мамлакатларга нисбатан кўпроқ имкониятларимиз бор.
Мақсадимиз савдо ҳамкорларимиз билан савдо айланамасини ошириш, ҳам инвестицион оқимни яратиш, ўзаро тажриба алмашиш ва Ўзбекистонга илм олиб келишдир, - деди у.
Шунингдек, Умаровнинг таъкидлашича, келажакда Ўзбекистонда эркин савдо ҳудудлари ва қуруқлик порти яратилиши кўзда тутилмоқда.
«Келажакда Ўзбекистонда эркин савдо ҳудудларини яратишни кўзлаяпмиз. Бу борада юқори турувчи ташкилотларга таклифларимизни киритдик. Эркин савдо ҳудудларини яратадиган бўлсак, бизнес ҳаб форматидаги учрашувларимизда эркин савдони йўлга қўйишимиз мумкин. Дубай шаҳрини кўрадиган бўлсак, у ҳам айнан шу. Дубайдан туриб эркин савдога йўл очилган. Сингапур, Дубай, Истамбул, Нью-Йорк каби шаҳарлардан ўрнак олган ҳолда, Ўзбекистонда қуруқлик портини яратмоқчимиз.
Қуруқлик портини яратиб, бу ердан Покистон, Эрондан келадиган юкларни МДҲ давлатларига ре-экспорт қилишда бизда географик жиҳатдан имкониятлар мавжуд.
Ҳозирда денгиз йўллари борган сари актуаллигини йўқотяпти. Чунки вақт масаласи бор бунда. Покистондан Россияга маҳсулотни денгиз орқали олиб бориш энг камида 40 кунни олади. Лекин темир йўл билан олиб борадиган бўлса, бир ҳафтада етиб боради. Ҳозирда вақт пул. Юқори технологияли маҳсулотларни темир йўл орқали сотиш актуаллашмоқда», - деди Умаров.
Aссамблея раиси Ўзбекистон-Aфғонистон-Покистон ва Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлини ишга тушириш жуда муҳимлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон-Россия савдо коридорини яратишимиз долзарб масала. Бу орқали Ўзбекистон иқтисодиётини тез суръатларда ўсишга олиб келишимиз мумкин.
Ўзбекистон-Aфғонистон-Покистон темир йўлини қуриш ишлари бошланди, 2024 йилга қадар ишлар якунланади, деган умиддамиз. Бироқ ҳали аниқ маълумот йўқ», - деди у.
Мухтор Умаров Aфғонистондан Ўзбекистонга маҳсулот импорт қилиш Aфғонистоннинг барқарор ривожланишида муҳимлигига урғу берди.
«Aфғонистонга бизнинг экспортимиз тез суръатда ошяпти, 2020 йилда 776 млн долларни ташкил этди, лекин Aфғонистондан импорт бизга деярли йўқ. Aфғонистон барқарор ривожланиши учун у ердан биз импортни ҳам йўлга қўйишимиз керак. Ўзбекистон орқали транзит йўллари билан Aфғонистон қазилма бойликларини Ўзбекистонда қайта ишлаган ҳолда уни Европа ва Осиё бозорларига экспорт қилишимиз мумкин. Aфғонистондан талк тошини олиб келиб, бу ерда қайта ишлаб, уни Жанубий Корея давлатига экспорт қилиш йўлга қўйилди», - таъкидлади Умаров.
Бизнес ҳаб доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишда инвесторлар озиқ-овқат маҳсулотларига қизиқаётгани маълум қилинди.
Мавзуга оид
09:38
Ўзбекистон ва ЖСТ экспорт субсидияларини бекор этишни муҳокама қилди
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024