«Urban.Tech Uzbekistan». Ёш дастурчилар ҳакатонида энг яхши лойиҳалар аниқланди
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси томонидан ўтказилган “Urban.Tech Uzbekistan” ҳакатон мусобақаси ўз якунига етди. Мусобақа иштирокчилари тиббиёт, илм-фан ва ижтимоий ҳаётдаги муаммолар ечимига қаратилган дастурлар яратиш бўйича беллашди.
Ҳакатоннинг тиббиёт йўналиши бўйича Фарғона вилояти Рақамли технологиялар маркази ёш мутахассиси Илҳомжон Болтабоев сардорлигидаги “We might” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Махсус дастур мобил илова орқали юкланади. Илова қон ва қон берувчилар, республика бўйича реал талаблар, ноёб қон гуруҳлари, қон билан боғлиқ касалликлар ва қон бериши мумкин бўлган донорлар тўғрисида маълумот тақдим этади. Унда ҳар бир фуқаронинг қон гуруҳи ҳақида маълумот киритилади. «Тиббий ёрдамчи» иловасида донорлар учун ҳам алоҳида бўлим бор. Тезкор қон керак бўлиб қолган ҳолларда яшаш ҳудудига қараб, яқин масофада турадиган донорларни топишга ёрдам беради ва хабарнома юборади. Мазкур дастур Республика қон қуйиш маркази мутасаддиларида қизиқиш уйғотган ва лойиҳа муаллифлари билан ҳамкорлик амалга оширилмоқда.
Фан ва таълим йўналиши бўйича Моҳинур Абдураҳимова бошчилигидаги “Фазо” жамоаси яратган дастур энг яхши деб топилди. Ушбу дастур халқ таълими тизимида сифатли таълимни йўлга қўйишга ҳисса қўшади. Дастур асосида синфхоналарга ўрнатилган камералар ўқувчиларни фанлардан қандай ўзлаштираётганини назорат қилиб, бевосита ота-оналарга смс-хабарнома тарзида етказади. Бунда синфда нечта ўқувчи бўлса, уларнинг ҳар бири алоҳида назорат қилинади. Бола неча марта жавоб берди, қандай ҳаракат қилди – ҳаммаси ҳақида маълумот берилади. Бу эса, ўз ўрнида, ота-онанинг фарзандига, унинг таълимига нисбатан эътиборини оширади. Дастур орқали маълум муддатдан сўнг бутун Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг ўзлаштириши ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, жараёнда фақат ўқувчиларни эмас, ўқитувчиларни ҳам кузатиш, уларга баҳо бериш ва рағбатлантириш имкони бўлади. Мазкур лойиҳага хусусий мактаблар томонидан қизиқиш билдирилиб, янги ўқув йилидан айрим хусусий мактабларда жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Ижтимоий ҳаётда ахборот технологиялари йўналишида Баҳодир Ражабов сардорлигидаги “Space team” жамоасининг кунлик хизматлар учун мўлжалланган дастури ғолиб деб топилди. Дастур мунтазам иш ўрнига эга бўлмаган ҳунар эгалари учун кунлик ишлар топиш мумкин бўлади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад кунлик ёлланма ишчиларнинг эртадан кечгача иш пойлаб ўтиришларини, бир сўз билан айтганда “мардикор бозори” деган жойларни йўқотишдан иборат.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан қўшилган яна бир номинация - саноат йўналишида Беҳзод Абдураҳмонов бошчилигидаги WCI жамоаси энг яхши лойиҳа муаллифи деб топилди.
Ҳакатонда иштирок этган ёшлар жамоаси ўз ижодларини намойиш этиш, ўз ғояларини инвесторларга тўғри етказиш ҳамда сотиш, билим ва маҳоратларини ошириш имкониятига эга бўлишди. Энг яхши лойиҳалар ҳомийлар томонидан рағбатлантирилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳакатон мусобақасида иштирок этиш мақсадида 4 ёшдан 40 ёшгача бўлган 160 нафар шахс ариза топширди. Вазирликнинг Иқтидорли ёшлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Фирдавс Неъматзоданинг қайд этишича, энг яхши лойиҳа муаллифларига 35 млн сўмдан мукофот пули берилади.
Мавзуга оид
12:27 / 24.11.2022
“Зиёли қатлам устидаги тажрибаларда эҳтиёткорлик лозим”. Мутахассислар – докторантура қабулидаги беқарорлик ҳақида
10:54 / 17.11.2022
Докторантурадаги алғов-далғов: имтиҳон натижалари бекор қилиниши ортида моддий манфаат ётибди(ми?)
14:45 / 26.05.2022
Ўзбекистонлик дастурчилар Facebook’дан лойиҳа учун грант ютиб олишди
17:10 / 01.05.2022