«Айбдорларга жазо муқаррар» — Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Термиз туманида арчалар кесилаётганига муносабат билдирди
Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёда арчалар аёвсиз кесилмоқда» сарлавҳаси билан материаллар тарқалган. Вилоят ҳокимлиги Термиз туманида арчалар кесилаётгани ҳолати бўйича расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ҳақиқатан дарахтлар кесилиб, атроф-муҳитга зарар етказилган.
Муносабатда маълум қилинишича, Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 февралдаги «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Ана шу фармон ва қарор асосида Термиз туманининг Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегарасига туташ Айритом маҳалласи ҳудудида «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонасини барпо этиш учун вилоят ҳокимининг 2021 йил 6 апрелдаги қарори билан 26 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган танловда ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъекти томонидан қурилиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан арчаларнинг кесилиши ҳолати вилоят ҳокимлиги томонидан назоратга олинган. Вилоят экология бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш давомида тадбиркорлик субъекти томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилгани аниқланган. Жумладан, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтқазиш маъмурий ҳуқуқбузарлиги содир этилган.
Таъкидланишича, ҳозирда айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида қонунда белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли судловликка юбориш чоралари кўрилмоқда.
Маълумот учун, Президент фармони билан республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторий 2021 йил 31 декабргача узайтирилган эди. Мораторий жорий этилишига қарамай, 2020 йилда табиатга 9,7 млрд сўм миқдорида зарар етказилган.