“Кенгурулар мамлакати” ва 99 турдаги виза ‒ Австралия иммиграция тизими ҳақида
Австралияга кўчиб ўтмоқчи бўлсангиз, дастлаб визага ҳужжат топширишингиз лозим. Бу нафақат доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун, балки вақтинча яшаш учун ҳам зарур. Uzbeklife колумнисти бу борада таҳлилий мақола тайёрлади.
Австралиянинг иммиграция тизими
Қисқа қилиб айтганда, Австралиянинг виза тизими “кенгурулар мамлакати” иқтисодиётини ривожлантиришга ҳисса қўша оладиган одамларни жалб қилишга қаратилган. Жами 99 турдаги индивидуал виза мавжуд. Ички ишлар департаменти (Иммиграция хизматлари) ҳар йили алоҳида умумий визалар учун квота ажратади. Сўнгра бу рақам турли виза категорияларига бўлиб юборилади.
Австралияда яшаш ва ишлаш
Ушбу турдаги виза Австралияда нафақат доимий, балки вақтинча яшашни режа қилганлар учун ҳам мўлжалланган.
Малакали мигрант визаси
Австралия иқтисодиёти ривожига ҳисса қўша оладиган энг иқтидорли шахсларни жалб қилишга мўлжалланган ушбу турдаги виза фақатгина ишга кириш учун эмас, албатта. Унга йиллик айланмаси 500 минг Австралия долларидан кам бўлган ҳамда 800 минг Австралия доллари миқдорида капиталга эга тадбиркорлар ҳужжат топшириши мумкин.
Малакали мигрант визасини олиш учун бир қатор талаблар қўйилган. Биринчидан, Австралиянинг касблар рўйхатига кирган иш билан шуғулланаётганингизни исботлашингиз керак. Шунингдек, сизнинг тажрибангиз ва маълумотингиз шу касбга қўйиладиган талабларга жавоб беришини ҳам кўрсатишингиз лозим. Ундан ташқари:
‒ 18-45 ёш оралиғида бўлишингиз;
‒ инглиз тилини талаб даражасида билишингиз;
‒ тестда етарли балл йиғишингиз;
‒ саломатлигингиз бўйича муаммолар бўлмаслиги ва муқаддам судланмаган бўлишингиз керак.
Малакали мигрант визаси ўз ўрнида яна бир қатор категориядаги визаларга бўлинади.
Малакали мустақил виза
Бу виза “яшил қитъа”да доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради. Бунинг учун сиздан Австралия меҳнат бозорида танқис ҳисобланган кадр бўлиш ва белгиланган талабларга жавоб бериш талаб қилинади. Хусусан, фақат белгиланган ҳудуд (штат)га ёки иш берувчига боғланиб қолмайсиз. Бундай касблар рўйхатини “Medium and Long-term Strategic Skills List” (Ўрта ва узоқ муддатли стратегик касблар рўйхати)дан топишингиз мумкин.
Малакали номзод визаси
Бу визага биринчи бўлиб Австралия меҳнат бозорида етишмаётган кадрлар ҳужжат топшира олади. Агар ёш, мутахассислик, касб ва инглиз тилидаги билимларга асосланган тестдан яхши балл тўплай олмаган бўлсангиз, сизга керак баллни компенсация қилишингиз лозим. Бунда “Штат номзоди” категорияси орқали қўшимча балл олсангиз бўлади.
Бу визага яна Австралиянинг маълум ҳудудларида танқис деб ҳисобланган кадрлар ҳужжат топшира олади.
Мамлакатнинг ҳар бир штати ўзига зарур бўлган касблар рўйхатини шакллантирган ва бу касб эгалари виза олиши учун ҳомийлик қилишга тайёр.
Австралиядан иш таклиф қилишса
Иш берувчи ҳомийлигидаги виза
Бу турдаги виза Австралиядан иш таклифини олган шахслар учун ишлаб чиқилган. Шунингдек, ҳозирги иш берувчи томонидан Австралияга юбориладиган ходимлар ҳам шу турдаги визадан фойдаланади. Бу турдаги виза билан давлатда вақтинча ва доимий яшаш ўртасида фарқ бор. Шунинг учун бу тоифа ўз навбатида яна ички тоифаларга бўлинади.
Иш берувчи ҳомийлигидаги виза
Нафақат визага ҳужжат топшираётган номзод, балки Австралиядаги иш берувчи ҳам бир қатор талабларга жавоб бериши керак. Иккала томон ҳам баҳолаш жараёнидан ўтади. Бунда Австралиядаги компания ва иш таклифи ўрганиб чиқилиб, номзоднинг профили кўрилади. Номзод ҳар қандай ҳолатда Австралиядаги ташкилот учун бошқа бир австралиялик ходимдан устунликка эга бўлиши керак.
Вақтинча ишлаш визаси
Агар “Medium and Long-term Strategic Skills List” (Ўрта ва узоқ муддатли стратегик касблар рўйхати) рўйхатига кирувчи касблардан бирига эга бўлсангиз, бошида 4 йиллик виза олишингиз мумкин. Камида 3 йил ишлаганингиздан сўнг талабларга жавоб берсангиз доимий визани қўлга кирита оласиз.
Агар “Short-term Skilled Occupation List” (қисқа муддатли малакавий касблар рўйхати)га кирувчи касб билан шуғуллансангиз, 2 йиллик ишчи визасига ҳужжат топширсангиз бўлади. Ўзингизни ижобий тарафлама кўрсата олсангиз, визангизни яна 2 йилга узайтириш имконига эга бўласиз. Жами 4 йил ўтгач, Австралиядан чиқиб кетишингиз ёки доимий виза олишингиз керак бўлади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам таклиф қилинган ишда камида икки йил ишлашингиз талаб қилинади. Бундан ташқари, инглиз тилини ҳам билишингиз керак.
Доимий иш учун виза
Бу виза Австралиядан иш таклифини олган, шу билан бирга малакали ишчи визаси талабларига ҳам жавоб берадиган шахслар учун мўлжалланган.
Улар қуйидагилар:
‒ сиз қиладиган иш касблар рўйхатида бўлиши;
‒ малака ва маълумотингиз талабга жавоб бериши;
‒ инглиз тилини пухта эгаллаш;
‒ ёшингиз 18-45 орасида бўлиши;
‒ муқаддам судланмаган бўлишингиз ва саломатлигингиз билан муаммо бўлмаслиги керак.
Бу турдаги виза сизга Австралияда доимий яшаш ҳуқуқини беради.
Регионал ҳомийликдаги ишчи виза
Бу виза юқоридаги визага ўхшайди. Асосий фарқи – сизга иш берадиган компания Австралиянинг иммиграцион ҳудудларида жойлашган бўлиши керак. Юқоридаги каби бу виза ҳам доимий яшаш ҳуқуқини беради.
Австралияда оиласи бўлган шахслар учун виза
Бу виза австралиялик оила аъзолари бўлган (Австралияда яшайдиган) инсонлар учун мўлжалланган. Лекин бунда фақат яқин қариндошлар – ота-она, турмуш ўртоқ/жуфт ёки фарзандлар ҳисобга олинади. Бундан ташқари, бу оила аъзолари Австралия фуқаролари бўлиши ёки доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлиши керак.
Оила визасининг субкатегориялари
Австралия фуқароси ёки Австралияда доимий яшаш ҳуқуқи бўлган жуфт
Австралия фуқароси ёки доимий яшаш ҳуқуқини киритган шахс билан яқин муносабатда бўлсангиз, жуфт визаси тоифаси сизга бир қанча имкониятларни тақдим этади. Бу тоифанинг ўзи ҳам иккига бўлинади:
Жуфт визаси
Агар сизлар турмуш қурган бўлсангиз ёки ҳақиқатан ҳам ишқий муносабатда эканингизни исботлай олсангиз, ушбу виза сиз учун. Бунда кўпинча бошида 2 йиллик вақтинчалик виза оласиз. Мана шу 2 йил ўтгач ҳам жуфтингиз билан ҳамон бирга бўлсангиз, доимий визага ҳужжат топширишингиз мумкин.
Уч йилдан бери бирга бўлган жуфтликлар учун (оила қурган ёки қурмай бирга яшаган), доимий виза дарҳол берилиши мумкин. Бу виза ўзаро фарзанди бор бўлган ва муносабатлари ҳужжат топширишдан аввал 2 йил давом этган шахсларга ҳам амал қилади.
Бўлғуси никоҳ визаси
Ушбу виза юқоридаги виза талабларига жавоб бермайдиган, аммо Австралияда келажагини бирга қурмоқчи бўлган шахсларга тўғри келади. Виза 9 ой муддатга берилади ва шу вақт мобайнида жуфтлик қонуний никоҳдан ўтиши керак. Никоҳ қайд этилгандан сўнг, 2 йиллик визага ҳужжат топширса бўлади. 2 йил ўтгач эса доимий визани қўлга киритиш мумкин.
Австралияда яшаётган фарзанд
Агар бир ёки ундан ортиқ фарзандингиз Австралияда яшаётган бўлса, ота-она визасини олишингиз мумкин. Бунда фарзандларингизнинг камида “ярми” (2 нафар фарзандингиздан бири, 4 нафар фарзандингиздан 2 нафари) Австралияда яшаётган бўлиши, улардан камида биттаси сизни молиявий таъминлаши керак. Шунда Австралиянинг ижтимоий таъминотига қарам бўлиб қолмайсиз.
Одатий ота-она визасини олиш жараёни ниҳоятда кўп вақт олгани сабаб, қўшимча муқобиллар ҳам ишлаб чиқилган.
Ҳисса қўшадиган ота-она визаси
Узоқ вақт кутишни истамасангиз, қўшимча тўлов қилишингиз мумкин. Кейин виза олиш жараёни иккига бўлинади. Дастлаб вақтинчалик визага ариза топширасиз, ундан сўнг доимийга. Умумий тўлов миқдори ошиб кетиши мумкин, лекин виза олиш жараёни сезиларли даражада қисқаради.
Австралияда яшаётган ота-она
Агар 24 ёшдан кичик бўлсангиз ҳамда ота-онангиз Австралия фуқароси ёки у ерда доимий яшаш ҳуқуқига эга шахс бўлса, бу турдаги виза сизга мос бўлиши мумкин. 18 ёшдан катта бўлган фуқаролар талаба экани ва молиявий қарамлигини исботлайдиган ҳужжат тақдим этиши керак.
Мақоланинг давоми тез кунда эълон қилинади.
Зиёдахон Ғуломова,
Uzbeklife колумнисти
Мавзуга оид
18:59
Император пингвини илк бор Австралия соҳилларига қадар сузиб борди
22:21 / 09.11.2024
Австралия пляжларида очликдан қийналган минглаб бўронқушлар жасади пайдо бўлди
23:05 / 07.11.2024
Австралиядаги пляждан топилган сирли шарлар таркиби маълум бўлди
19:11 / 07.11.2024