Ўзбекистон | 21:14 / 28.05.2021
6863
3 дақиқада ўқилади

Манба: PayPal Ўзбекистонга кириш ниятида эмас

Марказий Осиёда PayPal тизимига қўшилмаган ягона мамлакат – Ўзбекистон. Ўтган йил охирида мамлакат расмийлари PayPal билан музокаралар олиб бораётгани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, компания Ўзбекистонга кириш нияти йўқлигини билдирган.

Ўзбекистонда муомалага чиқарилган банк карталари орқали PayPal тўлов тизимида электрон ҳамёнларни тўлдириш имконияти йўқ. Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки компания бундай чекловни мустақил равишда ўрнатганини маълум қилганди.

Kun.uz манбасига кўра, PayPal билан музокараларда ижобий натижа ҳали йўқ. Бироқ Марказий банк тизимни Ўзбекистонга олиб киришга ҳаракат қилмоқда.

«PayPal'нинг ўзи Ўзбекистонга кириш нияти йўқ. Бунга PayPal'нинг ўз ички сиёсати ва талаблари сабаб бўлиши мумкин. Марказий банкнинг сўровига охирги берган хатида PayPal 2021 йилда Ўзбекистон бозорига кириш режамизда йўқ, деб жавоб берган.

Билишимча, Марказий банк тизимни Ўзбекистонга олиб киришга ҳаракат қилмоқда. Бу бўлса, албатта, ҳар томонлама яхши бўлади. Айниқса, ҳозирда IT соҳаси вакиллари кўпаймоқда. IT, график дизайн соҳаларида уйда ўтириб чет давлатларга хизмат кўрсатиш масаласида бу тизим муҳим. Жуда кўпчилик Paypal тўлов тизимини афзал кўради. Шу сабабли кўп фрилансерлар хорижлик мижозларга хизмат кўрсатяпти-да, AҚШдаги бирорта танишининг Paypal'ини ишлатяпти. Пул унга тушяпти, ўша одам Paypal'дан пулни нақдлаштириб Ўзбекистонга нақд пулни жўнатяпти. Натижада фрилансерлар ойига 300-400 доллар даромад топса, Ўзбекистонга пулини олиб келишда даромадининг 30-40 фоизини йўқотишига тўғри келяпти.

Шу сабабли бизга Paypal кирса, интеграциямиз яхши бўларди, яъни хизматларни экспорт қилишда, фрилансерлик хизматларини кўрсатишда муҳим рол ўйнарди. Ундан ташқари, Amazon кирди ва шу каби бошқа кўплаб платформалар индивидуал тарзда товар сотадиган бўлса, PayPal тўлов тизими бу борада жуда ҳам муҳим. Бу кичик ҳунармандлар маҳсулотлари экспортини кучайтирган бўларди.

Aлтернативлар бор, бироқ бу ечим эмас. Россия тўлов тизимлари бизга кириб келган, бироқ улар Ғарбда унчалик машҳур эмас», – дейди вазиятдан хабардор манба Kun.uz билан суҳбатда.

Марказий банк матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан масала юзасидан позициясини 2020 йил охирида билдирганини маълум қилди.

Мавзуга оид