Ўзбекистон | 14:22 / 29.05.2021
6786
5 дақиқада ўқилади

Ишсизлик, маош камлиги – Сенат битирувчиларни иш билан таъминлаш муаммолари бўйича Вазирлар Маҳкамасига сўров юборди

Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласини кўриб чиқдилар.

Фото: PhotoXpress

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида ўрганишлар олиб борди. Ўрганишлар нафақат ўрта, балки олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлашда ҳам ҳал қилиниши зарур бўлган айрим масалалар борлигини кўрсатган.

«Республикамизда 2021 йил 1 январь ҳолатига мавжуд бўлган 19,1 млн нафар меҳнат ресурсининг 14,8 млн нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Шундан 13,2 млн нафари ўз иш-жойига эга, 1,6 млн аҳоли бандлигини таъминлаш талаб этилади. Улардан 805,2 минг кишидан ортиғи 16-30 ёшдаги ишсизлар.

Шунингдек, меҳнат бозорига 2021 йилда жами 560 минг битирувчи кириб келади. Яъни олий таълим муассасаларини 103,1 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёшлар тамомлайди. Натижада 2021 йилда ёшлар бандлигини таъминлаш учун эҳтиёж 1 365,2 минг нафарни ташкил қилади.

Республикада 131 та ОТМда бакалавриатда 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил қилинган. Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган», дейилади Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳисоботида.

Шунингдек, ҳисоботда келтирилишича, ҳозирда республикада айнан тармоқлар кесимида квалификацион ва олий маълумотли кадрларга бўлган талабни ўрганиш тизими жорий этилмаган.

Олий ўқув юртларига қабул квоталарини белгилаш ва кадрлар тайёрлашда меҳнат бозори талабларига етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида аксар битирувчилар ўз касби бўйича ишламайди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизларнинг 27,9 минг нафари ишсиз битирувчилардан иборат.

Бундан ташқари, таклиф қилинаётган маош катта маблағ сарфлаб контракт асосида таълим олган битирувчиларни қаноатлантирмаслиги таъкидланган.

«Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юритиладиган Ягона миллий меҳнат тизимида корхона ва ташкилотларда кадрларга бўлган эҳтиёж билан боғлиқ жами 116 мингдан ортиқ бўш иш ўрни қайд этилган (Тошкент шаҳрида 23 417, Тошкент вилоятида 21 449, Андижон вилоятида 10 634, Фарғона вилоятида 9 460, Самарқанд вилоятида 8 644, Бухоро вилоятида 8 524).

Бироқ ёшлар тизимдан етарли даражада хабардор эмас. Қолаверса, мавжуд бўш иш ўринларида таклиф қилинаётган маош катта маблағ сарфлаб контракт асосида таълим олган битирувчиларни қаноатлантирмайди. Жумладан, айни пайтда олий маълумот талаб этадиган 19 177 та бўш иш ўрни учун 1 млн сўмгача, 26 754 та бўш иш ўрни учун 2 млн сўмгача маош таклиф этиляпти. 

2020 йилда республикада жами банд бўлганларнинг 82 фоизи ёки 11,1 млн нафар аҳоли хусусий секторда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектлари ва олий таълим муассасалари ўртасида мақсадли кадрлар тайёрлаш, кадрларга буюртма бериш тизимида тўғридан тўғри ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини англатади», дейилади ҳисоботда.

Давлат грантлари асосида таҳсил олаётган битирувчиларни ишга тақсимлаш ОТМни тамомлашдан бир ой аввал комиссия томонидан амалга оширилади. Лекин тўлов-контракт асосида таълим олаётганларни иш билан таъминлаш масаласи билан шуғулланиш бўйича аниқ мақсадли чоралар белгиланмаган.

ОТМда давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчилар диплом олиши учун келгусида фаолият олиб борадиган иш жойидан уч томонлама (талаба, ОТМ, ишга қабул қилувчи) шартнома олиб келиши талаб этилаётган бўлиб, мазкур жараён кўп ҳолларда сохта маълумотлар ортишигагина хизмат қиляпти.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун зарур қонун ва ҳуқуқий кафолатларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилмаганлиги, бюрократизм, маҳаллий раҳбарларнинг қаршилиги, коррупция, таниш-билишлик, ижтимоий адолат тамойилининг бузилиши, дастлабки маблағнинг йўқлиги, имтиёзли кредит маблағларининг ўз вақтида берилмаётгани, бозор ва бизнес ҳақидаги маълумотларнинг камлиги, тадбиркорлик кўчмас мулки объектларини бузиш ҳолатлари мавжудлиги каби масалалар ёшлар тадбиркорлигига тўсиқ бўлаётганлиги айтиб ўтилди.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунининг 6-моддасида аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб ёшларни, айниқса қишлоқ жойлардаги ёшларни, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар, олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш белгиланган.

Сенаторлар битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласида илғор хорижий давлатлардаги ижобий тажрибаларни ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, АҚШ университетларидаги “Рекрутинг марказлари”, Япониядаги “умрбод бандлик тизими”, Финландиянинг ҳар бир олий таълим муассасаси таркибидаги махсус бандлик хизмати, Қозоғистондаги “Диплом билан қишлоққа” каби дастурларни ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласида ҳукуматга Парламент сўрови юбориш юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид