Тошкентда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳокимларнинг 3та қарори ҳақиқий эмас деб топилган
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2020 йил ва 2021 йил I чоракда ҳокимларнинг 11 та қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво аризалари судлар томонидан кўриб чиқилган. Шундан 3 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган.
27 май куни Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ўтказилган давра суҳбатида ҳоким қарорларига нисбатан кўрилган ишлар юзасидан қарорлар қабул қилинишида йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама қилинди.
“Судлар томонидан бундай тоифадаги ишларни кўришда қуйидаги ҳолатларни кузатиш мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига якка тартибдаги тадбиркор даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида қурилган қурилмаларни буздиришни сўраган.
Ўз навбатида, фуқаро жавобгарлар туман ҳокимлиги, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан тақдим этган қарши даъво аризасида ҳоким қарорини ва шартнома шартларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5495-сонли Фармонининг 4-бандида 2018 йилнинг 1 октябридан инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини беришнинг янги механизмлари жорий этилиб, ер участкалари электрон аукцион савдолари орқали сотилиши белгиланган.
Ишни судда кўриш жараёнида аниқланишича, туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарори билан тумандаги кўп қаватли уйлар оралиғида маиший хизмат кўрсатиш маркази фаолиятини ташкил этиши учун якка тартибдаги тадбиркорга 0,05 га ер участкаси ажратилган бўлиб, ушбу қарорни қабул қилишда юқорида қайд этилган Президент фармони талабларига риоя қилинмаган.
Ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сонли фармонига асосланган. Бироқ Президентнинг 2018 йил 15 августдаги ПФ-5511-сонли “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 2-бандида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан фақат давлат мулки объектларини, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектларнинг инвесторларга берилиши назарда тутилган. Қайд этилган ҳолатларни инобатга олиб, туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан ҳоким қарори ҳақиқий эмас, деб топилган”, дейди Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббосов.
Йиғилишда айрим ҳолларда туман ҳокимликлари томонидан Ер кодекси талабларига риоя қилинмаган ҳолда қабул қилинган қарорлар ҳам суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилишига асос бўлгани алоҳида таъкидланди.
Жумладан, даъвогар фуқаронинг жавобгар масъулияти чекланган жамиятига нисбатан ер майдонини бўшатиш мажбуриятини юклаш ва ер майдонидан кўчириш ҳақидаги даъво аризаси, масъулияти чекланган жамиятининг жавобгарлар туман ҳокимлиги ва фуқарога нисбатан ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги қарши даъвоси туманлараро судида кўриб чиқилган.
Аниқланишича, туман ҳокимининг 2013 йилдаги қарори билан 10 нафар юридик ва жисмоний шахсларга, жумладан, мазкур ишда иштирок этаётган масъулияти чекланган жамиятига 1274 кв.метр ер майдони автомототранспорт воситалари сақлаш жойларини ташкил этиш ва атроф ҳудудни ободонлаштириш мақсадида ажратилган. Шунингдек, туман ҳокимининг 2018 йилдаги қарори билан фуқарога туманда маҳалла марказини қуриш ҳисобига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексини қуриш учун 0,02 га ер майдони ажратилган.
Ер кодексининг 23-моддасига кўра, эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу ер участкаси белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади. Масъулияти чекланган жамияти ҳокимлик қарорига асосан, 2013 йилда ўзига ажратилган жойда автотураргоҳ ташкил этиб, атрофни ободонлаштириб, қурилмаларига кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган бўлса-да, юқоридаги қонун талабига зид равишда ҳокимликнинг 2018 йилдаги қарори билан айнан шу ер участкасининг 0,02 га қисми белгиланган тартибда (Ер кодексининг 36-моддаси) олиб қўйилмасдан иккинчи шахсга, яъни фуқарога ажратилганлиги аниқланган.Шу сабабли, туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан ҳокимнинг 2018 йилдаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.
Шуҳрат Аббосовнинг таъкидлашича, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш бевосита Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида”ги низом билан тартибга солинади.
У барча ҳолатларда ҳам ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиляпти, деб бўлмаслиги, шу сабабли, ер участкалари қайси ҳолларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, қайси ҳолларда эса бошқа мақсадлар учун олиб қўйилишини фарқлашимиз лозимлигини эслатиб ўтди.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш — ушбу турда ер участкасини олиб қўйишга фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:
- мудофаа ва давлат хавфсизлиги;
- муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари;
- эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш ва уларнинг фаолият юритиши учун ерларни бериш;
- халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
- фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш;
- автомобиль йўллари ва темир йўллар, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехника марказлари, темир йўл транспорти объектлари, кўприклар, метрополитенлар, туннеллар, энергетика тизими объектлари ва электр узатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
- аҳоли пунктлари бош режаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига объектлар қуриш қисмида ижро этиш, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида тўғридан тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Инвестиция лойиҳалари эса, амалга оширилиши давлат дастурларида назарда тутилган, фуқароларнинг яшаш ва маиший шароитларини, шунингдек, муайян ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектлар қуришни назарда тутувчи лойиҳалар ҳисобланади.
“Кейинги пайтларда фуқароларнинг ер участкалари ёки бино-иншоотларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиб компенсация тўловлари тўланмаганлиги аниқланиб, уларнинг ҳуқуқлари одил судлов йўли билан тикланганлиги ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2020 йил ва 2021 йил 1-чоракда компенсация пулларини ундириш ҳақида жами 29 та фуқаролик ишлари кўрилиб, шундан 24 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган.
Масалан, бир фуқарога тегишли турар ва нотурар жой бинолари Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 4 июлдаги 851-сонли қарори билан бузилишга тушган бўлиб, 2021 йилга қадар фуқарога компенсация пуллари тўлаб берилмаган. Натижада фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2021 йил 6 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан фуқаро фойдасига 3.311.509.229 сўм ундириш белгиланган.
Шунга ўхшаш мисолни бошқа бир фуқаролик ишида ҳам кўришимиз мумкин. Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 21 декабрдаги 1835-сонли қарори билан фуқароларнинг “Чорсу” буюм бозоридаги қурилиши битказилмаган нотурар жой биноси бузиб ташланган. Бироқ, 2021 йилга қадар компенсация тўлаб берилмаганлиги аниқланганлиги сабабли туманлараро судининг 18.01.2021 йилдаги ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан фуқаролар фойдасига жами 457.300.000 сўмлик компенсация пуллари ундириб берилган”, дейди Шуҳрат Аббосов.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024