Ўзбекистон | 02:14 / 30.05.2021
11347
4 дақиқада ўқилади

Ўзкомназорат Twitter, Вконтакте ва WeChat'га кўрсатма берди. Ҳукумат янги қонун ижросига киришди

«Ўзкомназорат» ваколатли давлат органлари томонидан 2021 йил май ойида мониторинг ўтказилгани ҳақида маълум қилди. Натижада учта ижтимоий тармоқ «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддасига риоя этмаётгани аниқланган.

Бу тармоқлар – Mail.ru Group компаниясининг Вконтакте, Twitter компаниясининг Twitter ҳамда Tencent-Inc компаниясининг WeChat ижтимоий тармоқларидир.

«Ҳолат юзасидан «Ўзкомназорат» томонидан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига риоя этилишини таъминлаш чораларини кўриш бўйича Mail.ru Group, Twitter Inc ва Tencent-Inc компанияларига кўрсатмалар берилди», – дейилади расмий хабарда.

Kun.uz Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат»)дан олган маълумотга кўра, бошқа хорижий компаниялар қатори юқоридаги 3 та хорижий мулкдорларга шу йилнинг феврал ойидан буён «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига риоя этилишини сўраб бир неча маротаба хат чиқарилган. Лекин, компаниялар шахсий маълумотларга ишлов беришда уларни сақловчи серверлари жисмонан Ўзбекистон ҳудудида бўлиши ҳамда шахсга доир маълумотларни давлат реестри рўйхатига киритишга доир қонунчилик талабларини бузишган ва сўровларга эътибор қилишмаган.

Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси депутатлари «сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли хил киберҳужумлар уюштирилиши оқибатида миллионлаб инсонлар, қолаверса Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланаётгани»дан хавотир билдириб, қонунчилик талабларини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича Вазирлар Маҳкамаси ва Давлат персоналлаштириш марказига талаб қўйган.

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга янги қўшилган 27-1-моддада шундай дейилади:

«Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт».

Ҳозир бу талаб ижроси юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 255-сонли қарори ва унга илова тариқасида Низом қабул қилинган. Низом иловасида Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартларини бузган мулкдор ва операторларни Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестрига киритиш ва ундан чиқариш тартиби баён қилинган.

Шунингдек, Яндекс ҳам бу масалани кўриб чиқишга тайёрлигини, пандемиядан сўнг музокаралар олиб боришини билдирган.

Facebook эса бу ҳолат тармоқ фойдаланувчилари маълумотларининг хавфсизлигига зарар етказишидан хавотир билдирган, лекин коронавирус пандемияси якунлангач ҳукумат билан музокарага киришиши мумкинлигини билдирган.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги бу янгиликни Facebook компанияси салбий қарши олганини билдирган эди. Facebook Россия, Хитой ва Ўзбекистон каби давлатлар бу йўл билан сўз эркинлигини жиловлашга уринаётганидан хавотирдалигини маълум қилган.

Мавзуга оид