Ўзбекистон | 21:15 / 01.06.2021
87431
5 дақиқада ўқилади

ДТМ бу йилги кириш тест синовларидаги асосий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди

Жорий йилги кириш тест синовларида абитуриентларнинг 5та (3та мажбурий ва 2та мутахассислик) фандан имтиҳон топшириши тасдиқланди.

Бугун, 1 июн куни Миллий матбуот марказида 2021-22 ўқув йили учун ОТМга кириш тест синовларига тайёргарлик масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбир давомида тест синовлари бўйича жамоатчиликни қизиқтираётган қатор саволларга аниқлик киритилган.

Фанлар мажмуаси ва баҳолаш мезонлари

ДТМ Бош бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаевнинг маълум қилишича, 2021/2022 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари учта мажбурий фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари ҳамда иккита мутахассислик фанидан ўтказилади.

«Бунда барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган 3 та фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларининг ҳар биридан 15 тадан жами 45 та тест топшириғи ва ҳар бир тўғри жавоб учун 2,1 баллдан берилади. Мажбурий фанлардан жами тўплаш мумкин бўлган балл – 94,5 баллни ташкил этади.

Бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган 2та фан бўйича эса ҳар бири 30тадан жами 60та тест топшириғи ва ҳар бир тўғри жавоб учун

3,1 баллдан берилади. Жами тўплаш мумкин бўлган балл – 186 балл.

Умумий ҳолда, абитуриентларга 5та фан бўйича жами 105та тест топшириғи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 280,5 баллни ташкил этади», – дея маълумот берди у.

Тест синовларига тайёргарлик ҳақида

ДТМ Бош бошқарма бошлиғининг айтишича, янги ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида 1,6 млндан ортиқ абитуриент қатнашиши кутилмоқда.

«2020 йилда абитуриентларни рўйхатга олиш шу тизимлар орқали онлайн амалга оширилган эди. Бу абитуриентларга ва уларнинг ота-оналарига кўплаб қулайликлар яратди. Шу сабабли, 2020 йил тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, 2021 йилда ҳам абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (my.dtm.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади.

Ҳозирда ДТМ сайти такомиллаштирилиб, абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш учун тайёрланмоқда», – деди мутасадди.

Имтиёзлар

Матбуот анжуманида бу ҳақда ҳам қўшимча маълумот берилди. Жумладан, Фарҳод Мирзаевнинг таъкидлашича, ҳозир абитуриентларга олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёз бериш ва уларни тасдиқлаш ваколатига эга бўлган масъул вазирлик ва идоралар билан имтиёзлар реестри тайёрланяпти.

«Бунинг учун Давлат тест маркази томонидан махсус платформа ишлаб чиқилган ва тегишли вазирлик ва идораларга имтиёзларни киритиш учун керакли маълумотлар тақдим этилган.

Ҳозирги кунда ваколатли органлар томонидан имтиёзга эга бўлган абитуриентлар рўйхати шакллантирилиб, ДТМнинг махсус дастурига киритиб борилмоқда. Давлат комиссиясининг топшириғига асосан, имтиёзлар реестрини шакллантириш 10 июнга қадар якунланади.

Шунингдек, рўйхатдан ўтиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг маълумотларини реал вақт режимида олиш учун

Давлат тест маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик битими тузилди. Унга кўра, ДТМ сайти орқали рўйхатдан ўтишда ногиронлигини белгилаган абитуриентнинг маълумотлари Идоралараро маълумот алмашиш тармоғи орқали Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясининг базаси дастурига реал вақт режимида сўров юбориш орқали ўрганилади.

Йўлга қўйилаётган мазкур тизимли ишлар абитуриентларга рўйхатдан ўтиш жараёнида қулайликлар яратиш, имтиёзларни белгилашда йўл қўйилиши мумкин бўлган техник хатоликларнинг олдини олишга хизмат қилади», – деди у.

Тест синовлари қаерда ва қандай ўтказилади?

Давлат тест марказига кўра, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳамкорликда 2 хил сценарий устида иш олиб борилмоқда.

  1. Тест синовларини анъанавий шаклда катта сиғимли биноларда ўтказиш.
  2. Пандемия шароитида тест синовларини 2020 йилдаги каби очиқ майдонларда ўтказиш.

«Бунинг учун тест синови ўтказиладиган жойлар танланиб, режа-чизмалари ва дислокациялари тайёрланди. 46 830 нафар абитуриент учун мўлжалланган 96 та катта сиғимли ёпиқ бино, 59 040 нафар абитуриентга мўлжалланган 65 та стадион ва хиёбон шулар жумласидандир.

 Тест синовлари ўтказиладиган катта сиғимли бинолар ва очиқ майдонлар рўйхати Давлат комиссиясига киритилди.

Тест синовларини карантин талабларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосалари олинди», – ДТМ Бош бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзаев сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид