Иқтисодиёт | 22:07 / 02.06.2021
13356
3 дақиқада ўқилади

«Берилган солиқ имтиёзлари қанақа самара бергани ҳозирча мониторинг қилинмаяпти» — Мубин Мирзаев

ДСҚ раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев берилаётган солиқ имтиёзларининг самарадорлиги ва энг кўп ҚҚС қайтариб олувчиларнинг рўйхати очиқланиши борасида Kun.uz саволларига жавоб берди.

2 июн куни «Ўзбекистонда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва янги муаммолар: солиқ, божхона ва бошқа масалалар» мавзусидаги виртуал давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Молия вазирлиги, солиқ ва божхона қўмиталари ҳамда бошқа идоралар мутасаддилари, халқаро экспертлар иштирок этди.

Тадбир доирасида Kun.uz мухбири Давлат солиқ қўмитасининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевдан шу пайтгача берилган индивидуал ва оммавий солиқ имтиёзларининг самарадорлиги ҳақида сўради.

Kun.uz: Шу кунгача берилган турли индивидуал ва оммавий солиқ имтиёзлари ва уларнинг берилиши натижасида эришилган иқтисодий самарадорликни аниқлаш масаласига тўхталсангиз. Дейлик, бир миллиард сумма миқдоридаги солиқ имтиёзи натижасида «N» миқдордаги иқтисодий самарадорликка эришилди, деб айта оламизми?

Мубин Мирзаев: Бизнинг энг катта етишмовчилик нима деса, солиқ имтиёзларини берамиз, лекин у нима самара берди, деган саволга бирорта вазирлик ёки идора мониторинг қилмайди. Шунинг учун, мана шу давра суҳбатида ҳам шу масала кўтарилди. Биринчи навбатда имтиёзлар берилиши ва берилган имтиёзлар қандай самара берди, деган саволга жавоб бериш керак. Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси тўлиқ инвертизациядан ўтказиб...

Солиқ кодексига асосан, солиқ имтиёзларини индивидуал тарзда бериш мумкин эмас, лекин айрим ҳолатларда бериляпти. Шуни алоҳида тартибга солиб, соҳаларга имтиёзлар берилгандан кейин у қанақа самара беришини мониторинг қиладиган тизимни йўлга қўймасак, бу иқтисодиётнинг ривожланишига ҳамда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига тўсқинлик қилади.

Имтиёз берилади, лекин у ишлаб чиқариш ёки соҳанинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмайди.

Солиқ кодекси қабул қилинганидан кейин солиқ имтиёзларини бекор қилиш, яъни бир хил шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин айрим соҳаларга барибир имтиёз беришимизга тўғри келади. Жаҳон банки билан ҳамкорликда самарадорликни баҳолаш тизимини жорий қилиб, 2022 йил 1 январдан бошлаб йўлга қўйсак, тўғри бўлади.

Шунингдек, ДСҚ раиси ўринбосари йирик ҚҚС қайтариб олувчилар рўйхати очиқланиши борасидаги саволга ҳам жавоб берди.

Kun.uz: Йирик солиқ тўловчилар рўйхати очиқланганидек, йирик ҚҚС қайтариб олувчиларнинг ҳам рўйхатини очиқлаш вақти келмадими?

Мубин Мирзаев: Йирик миқдордаги қўшимча қиймат солиғини қайтариш масаласини ўрганиб чиқамиз. Ҳақиқатан, солиқ сири бўлмайдиган бўлса, веб-сайтга очиқ тарзда қўйиб борамиз. Ўйлайманки, бу ҳам бир очиқ ва шаффоф бўлади ва солиқ тўловчилар кимларга, нима учун ҚҚСдан қанча қайтариб берилди, билади.

1 июлдан бошлаб бунинг тартиб-тамойилларини қилиб, очиқ қилиб берамиз.

Мавзуга оид