Жаҳонгир Ортиқхўжаев охирги 3 йилда Тошкент иқтисодиёти икки баробар ўсганини айтди. Аслида ундай эмас
Расмий маълумотларга кўра, охирги 3 йилда пойтахт иқтисодиёти 23,6 фоизга ўсган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев, шунингдек, янги қурилган метро бекатлари сонини деярли икки баробарга кўпайтириб айтди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2 июн куни Американинг «Crow Holdings» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Пойтахт ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мулоқотда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама этилган.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз сўзида шаҳар иқтисодиёти охирги 3 йилда икки баробар юксалганини таъкидлаган.
Аммо ҳоким америкалик ишбилармонларга берган маълумот тўғри эмас. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Тошкент шаҳар ялпи ҳудудий маҳсулоти жорий нархларда 2018 йилда 58,3 триллион сўмни (ўсиш 11,9 фоиз), 2019 йилда 78,4 триллион сўмни (ўсиш 8,8 фоиз), 2020 йилда эса 88,6 триллион сўмни (ўсиш 1,5 фоиз) ташкил этган. Бу жорий нархларда.
Статистикада қўлланиладиган солиштирма ўзгармас нархларни инобатга олганда, охирги 3 йилда пойтахт иқтисодиёти ҳақиқатда 23,6 фоизга ўсган (Статқўм формуласи: 111,9 * 108,8 * 101,5 / 10 000).
Бундан ташқари, шаҳар ҳокими охирги 3 йилда пойтахтда қурилган метро бекатлари сонини қарийб 2 баробарга кўпайтириб айтган. У ўз сўзида 22 та ерусти ва 4 та ерости метро бекати қурилгани ҳақида гапирган, аслида эса бу вақт оралиғида 12 та ерусти ва 2 та ерости метро бекатлари қурилди.
Хусусан, Юнусобод йўли узайтирилиб, «Юнусобод» ва «Туркистон» ерости бекатлари фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, шаҳар атрофи бўйлаб халқа йўли ўтказишнинг биринчи босқичида 7 та ерусти бекати (Қўйлиқ бозоридан «Дўстлик-2» бекатигача) ва Сергели туманида 5 та ерусти бекати қуриб битказилди.
Маълумот учун, Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йилнинг апрелидан буён Тошкент шаҳрини бошқариб келмоқда.
Мавзуга оид
16:21
Тошкент шаҳри ҳавосини энг ёмон деб кўрсатган станция бузилиб қолди
14:14 / 24.10.2024
Пойтахт дренаж тизимини яхшилаш учун 6 млрд сўм ажратилди
13:30 / 20.08.2024
Тошкент пропискаси ҳақидаги қонун бекор қилинади
07:29 / 08.07.2024