«Наҳот Россиянинг қуролини Америка ўқлаб турса?» – Зеленский АҚШ ва Ғарб Россияга нисбатан «юмшоқлик қилаётгани»дан арз қилди
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ президенти Жо Байден Россиянинг «Шимолий оқим-2» газ транзит лойиҳаси қурилишига катта давлатлар қаршилик қилмаётганидан ёмон маънода ажабланди. Зеленский бежиз Путин билан учрашувдан аввал Байден билан юзма-юз гаплашиб олмоқчи эмас, у АҚШ Россияга кўпроқ босим ўтказишини хоҳлайди.
Зеленский 4 июнь куни Американинг Axios нашрига берган интервьюсида «Шимолий оқим-2» транзит лойиҳасига нисбатан санкциялар қўлланмаётганидан норозилигини билдирди. Қизиғи, айнан ўша куни Россия лойиҳа бўйича илк йўналишда қувурлар тўлиқ улаб бўлинганини эълон қилди. Россиянинг бу улкан лойиҳаси Европага Украинани айланиб ўтиб, газ узатиб беришга қаратилган. У Болтиқ денгизидан ўтиб, Россияни Германия билан боғлайди.
Украина президенти «Шимолий оқим-2» барибир ишга тушмаслигига, Жо Байден бу лойиҳага қаршилик кўрсатишига ҳали ҳам ишонмоқда. Зеленский Байден бу қурилишни тўхтатиши учун худди Майкл Жордан каби ҳаракат қилиши кераклигини айтиб ўтди. Украина етакчиси Ғарбнинг Россияга айтарли босим ўтказмаётганидан ажабланиб, балки эътиборни ўзига қаратиш мақсадида бир ҳафта ичида иккита нашрга интервью берди.
У Axios'дан ташқари Германиянинг Frankfurter Allgemeine нашрига интервью бериб, Ғарбнинг Россияга нисбатан эътиборсизлигидан хафалигини маълум қилган. Зеленский ниҳоят Жо Байден билан телефонда гаплашишга муваффақ бўлди. 7 июнь куни тунда АҚШ ва Украина етакчилари телефон мулоқоти ўтказган.
«Бу Россиянинг қўлидаги қурол»
«Шимолий оқим-2» Россиянинг қўлидаги ҳақиқий қурол. Америка бу қуролга патрон узатиб турган бўлиши мумкинлиги кутилмаган ва ажабланарли ҳолат. Мен уларни бутун дунёга ривожланиш ва демократия бўйича ўрнак деб билардим. Айнан шундай омиллар Украинани ҳимоя қилишига ишонардим», деган Украина президенти киноя билан. Унинг фикрича, АҚШнинг бу транзитга қарши санкция киритмаслиги Украина ва АҚШнинг стратегик муносабатлари нуқтайи назаридан тўғри эмас.
Зеленский Frankfurter Allgemenie нашрига берган интервьюсида «Шимолий оқим-2» транзитини Қримнинг босиб олиниши билан тенг эканини айтганди. Унинг фикрича, бу транзит Россияга Киев ва бутун Европага қўшимча босим ўтказиш имконини беради.
5 июнь куни Путин транзитнинг биринчи йўналиши тайёрлигини айтгач, Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков Украина ҳудудидаги газ ўтказгичларида (Россияга тегишли ўтказгичлар назарда тутилмоқда) теракт хавфи пайдо бўлганини айтди. Унинг фикрича, Россия шу орқали янги қурилаётган «Шимолий оқим-2» транзитини тезлаштириш эҳтиёжи борлигини кўрсатиши мумкин: «Провокация бўлишини ва бизнинг ҳудудимиздан ўтган газ ўтказгичларда терактга уринишлар бўлишини кутяпмиз. Кейин эса «Кўрдингизми улар нима қилишяпти, шу учун биз «Шимолий оқим-2» орқали газ сотамиз», дейишади», деган ички ишлар вазири.
Жордан усулидаги сиёсат
Владимир Зеленский «Шимолий оқим-2» лойиҳаси барбод бўлишига ва бу Жо Байденнинг қўлида эканига ишонмоқда: «Ҳаммаси АҚШ президентининг қўлида. Улар бу ҳақда билишига ишончим комил. Бу бир вақтлар Майкл Жордан кўрсатган ўйинларни эслатмоқда. Жордан рақибни алдаш учун кўп ҳийлалар қилар, ҳатто ўзини бирор ери оғриётгандек тутарди. Бу эса рақибда ғалабага яқинлашишдек алдамчи туйғу уйғотар, кейин Жордан ҳаммасини барбод қилиб, охирида ғалабани илиб кетарди. Шу сабабли мен Байден сиёсатдаги Жордан эканига ишонаман. Байден ҳал қилувчи уч очколик зарбасини ҳали бермагани ва бу унинг тактикаси эканига ишонгим келади», деган Зеленский.
Украина президенти бу газ ўтказгичнинг ишга тушиши АҚШнинг ва хусусан Байденнинг минтақадаги мағлубияти бўлади, деб ҳисоблайди: «Бу Россиянинг геосиёсий ғалабаси бўлади ва у минтақада қўшимча таъсирга эга бўлади». Қизиғи, Украинада газ ўтказгич ҳамон қурилаётганига Зеленскийнинг юмшоқ сиёсатини сабаб қилиб келтиришмоқда.
Байден билан телефон суҳбати
Владимир Зеленский АҚШ ва Россия етакчилари учрашувидан олдин Байден билан юзма-юз гаплашиши кераклиги ҳақида кўп марта эслатди. Америкаликлар бошида бу илтимосни ерда қолдиришди. Аммо 7 июнь куни тунда Байден ва Зеленский телефонда гаплашишди. Суҳбат давомида Байден Зеленскийни ёзда Оқ уйга таклиф қилиб, Украинани доим ҳимоя қилишини маълум қилган.
Олдинроқ Зеленский 16 июнгача Байден билан дунёнинг исталган ерида, исталган вақтда кўришишини айтганди. Зеленскийдан АҚШ президенти аввал у билан эмас, Путин билан учрашса, нима бўлишини сўрашди. Зеленский эса бунга жавобан Байденнинг бу қарори сиёсий ишора бўлишини айтиб, дунёдаги давлатлар катта империялар, буюк державалар ва қолган мамлакатлардан иборат эканини киноя қилиб айтди.
Axios нашрида Зеленскийнинг интервьюси ҳақида эълон қилинган материалда гўёки Оқ уйдаги манба Байден ва Зеленский АҚШ етакчисининг Путин билан учрашишидан аввал кўришишини айтгани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Нашрда ёзилишича, бу режа Зеленский «Нафтогаз» компанияси раҳбари Андрей Коболевни ишдан олгач, барбод бўлган. ВВС бу борада Украина президенти расмий вакилидан муносабат олган ва Зеленксийнинг ОАВ бўйича маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Коболев «Шимолий оқим-2» қурилиши фонида ўз манфаатини ўйлаб ҳаракат қилган.
«Европа цивилизацияси девори»
Зеленский бир неча марта Украина келажакда НАТО аъзоси бўлишига ишонишини таъкидлаб келади. У америкалик журналистлар билан суҳбатда Ғарб бу борада амалий ҳаракатларга ўтиши кераклигини айтди. 2008 йилда баён қилинган НАТО позициясига кўра, Украина эртами кечми барибир альянс аъзосига айланади. Бироқ Украинадаги Ғарб билан интеграциялашувни хоҳловчи сиёсатчиларнинг фикрича, бундай баёнотлар қуруқ гаплардан иборат ва улар амалий ҳаракатларни англатмайди.
Зеленский Байден билан учрашганда биринчи бўлиб қуйидагича савол беришини айтганди: «Мистер президент, нега биз ҳалиям НАТОда эмасмиз?»
Ўтган ҳафта америкалик сенаторлар билан учрашган Зеленский бу масалани яна кўтарди ва Украина НАТОга қўшилиши борасида ҳеч қандай сигнал йўқлиги Россиянинг Европадаги позицияси кучайишига олиб келишини таъкидлади. Экспертларга кўра, НАТО аъзолари ҳозиргача давом этаётган Украина-Россия можаросига аралашишни хоҳламаётгани учун Украина альянсга кириши кечикмоқда. Зеленский буни НАТО аъзолари томонидан кўрсатилаётган «сиёсий ўзимбўлайлик» деб изоҳлади. Унинг фикрича, бундай эгоизм учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин.
«Менимча, бу адолатдан эмас. Ахир биз инсон ҳуқуқлари, Европа тамаддуни, барча интилаётган бу ғояларни ҳимоя қилувчи девор бўлиб турибмиз», деди Украина етакчиси бу ҳақда.
Украинанинг НАТОга қўшилиши Россия билан муносабатларни кескин ёмонлаштириши ва бу урушни кескинлаштириши мумкин. Зеленский бу ҳақда ҳам гапирди: «Бу борада тарихий асос бор деб ўйлайман. 2014 йил уруш бошланди. Ўшангача биз Россия билан жуда яхши муносабатда эдик, у вақтда Донбассда ҳеч ким Россияга қўшилиш ҳақида ўйламаётганди. Ҳа, бу навбатдаги истилога уринишга сабаб бўлиши мумкин, аммо айнан шу сабаб Россия уруш бошлашига ишониш қийин.
Менимча, НАТОга йўл биз учун очиқ. Бу борада аниқ ҳаракатлар бўлса, бу борадаги келажагимиз дурбин билан қарашли даражада узоқ эмас. Муаммо тезроқ ечилиши керак деб ўйлайман, чунки биз айнан ҳозир ёрдамга муҳтожмиз, ўртада мустақиллик мақсади турибди», деган президент.
Урушнинг тахминий сценарийси
Зеленский немис нашрига берган интервьюсида Донбассдаги ҳолат чиндан оғир эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳужум уч томондан келиши мумкин. Яъни шарқдан – тан олинмаган Донбасс республикасидан, жанубдан – Россия босиб олган Қримдан ёки денгиздан, шимолдан – Беларусь томондан. Украина президенти ҳудуддаги ҳолатни хавфли деб атади.
Америкалик журналистлар билан суҳбатда ҳам бу ҳақда гапирар экан, Зеленский Украина чегараси яқинида жойлаштирилган рус аскарларининг мақсадларини айтди: «Улар кўпроқ руҳий босим ўтказини хоҳлаб, гўёки чегара аслида кимнинг назоратида эканини кўрсатиб қўймоқчи бўлишди».
Зеленскийнинг айтишича, айнан мана шу сабабдан президент АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашув вақтида Қора денгиз ва Азов денгизида ҳарбий кўмакни кучайтиришни сўраган: «Тан олиш керак, Россия Қора денгизда яққол етакчилик қилмоқда. Қанийди бизда ҳам чегараларимизни ҳимоя қилиш учун шундай техник имкониятлар бўлса», деган Зеленский. Немис нашри билан суҳбатда президент Германия ҳам Украина учун кўпроқ ёрдам бериши мумкинлигини эслатган.
Мавзуга оид
08:19 / 11.11.2024
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024