Ўзбекистон | 10:30 / 09.06.2021
5933
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд аэропортида йўловчилар учун етарли шароит йўқлигига изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд халқаро аэропортининг вақтинчалик терминали олдида йўловчилар учун етарли шароитлар яратилмагани таъкидланган хабар тарқалди. «Samarqand xalqaro aeroporti» МЧЖ маъмурияти мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, бугун Самарқанд халқаро аэропорти ҳудудида модернизация ишлари олиб борилмоқда. Унинг янги лойиҳа асосида қурилаётган беш қаватли аэровокзали жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, ҳудудда олиб борилаётган кенг қамровли қурилиш ишларига қарамай аэропорт ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Вақтинчалик аэровокзалда турли авиақатновлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Вақтинчалик аэровокзалда махсус ускуналар ёрдамида мўътадил ҳаво ҳарорати сақлаб турилган бўлса-да, у барча йўловчиларга бир вақтда хизмат кўрсатишга мўлжалланмаган. Карантин талабларидан келиб чиқиб, йўловчилар бинога навбат асосида киритилмоқда. Аммо рўйхатга олиш вақтида баъзи фуқароларнинг белгиланган тартибга бўйсунмай, навбатсиз рўйхатдан ўтишга уриниши оқибатида тартибсизлик келиб чиқмоқда. Аэропорт маъмурияти масъул ходимларни огоҳлантириб, жараёнда назоратни кучайтириш юзасидан кўрсатмалар берган.

Қайд этилишича, аэропорт ҳудудининг асосий қисмида қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли вақтинчалик аэровокзал олдида рейсга эрта келган йўловчилар кутиши учун жой ажратилмаган. Шу сабабли аэропортга эрта етиб келган халқаро рейс йўловчилари дарахтлар ости ва панжара ёнидаги сояларда рўйхатдан ўтишни кутишмоқда.

«Айни вақтда аэропорт маъмурияти мазкур муаммони мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Амалга оширилган ишлар ҳақида қўшимча маълумот берилади. Айтиш жоизки, аэропортнинг янги аэровокзали фойдаланишга топширилса, бу каби камчиликлар кузатилмайди. Келтирилган вақтинчалик ноқулайликлар учун «Samarqand xalqaro aeroporti» МЧЖ жамоаси йўловчилардан узр сўрайди», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид